«Барселона» академияси тарбияланувчиси Хави Эспарт Ла Лигада клубнинг асосий жамоаси футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди. Испания матбуотига кўра, 19 ёшли ҳимоячи Ҳанси Фликнинг ишончини қозонган ва унга асосий таркибдан жой ажратилган.
Эспарт 2026/27 йилги Ла Лига мавсумининг «Эльче»га қарши учрашувида асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. «Барселона» 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда футболчи битта голли узатмани ҳам амалга оширди. Ла Лиганинг расмий маълумотларида унинг жорий мавсумда бир ўйин ва бир голли узатмаси қайд этилган.
Мавсум бошида Эспарт захира жамоаси лицензияси билан 36-рақамда ҳаракат қилган эди. Унинг асосий жамоага ўтказилиши ортидан 12-рақамни олиши кутилмоқда. Универсал футболчи асосан ўнг қанот ҳимоясида ўйнайди, шунингдек, ярим ҳимоя ва чап қанотда ҳам ҳаракат қила олади.













