«Милан» вингери Рафаэл Леау «Галатасарой»га кутилаётган 43+2 миллион евролик трансфер олдидан Италия клуби билан хайрлашди.
«Ҳа, ҳозир мен учун оғир лаҳза. Етти йил бирга бўлган жамоадошларим билан хайрлашдим. Улар менинг ўсишимга ва «Милан» шарафини ҳимоя қилиш нимани англатишини тушунишимга ёрдам беришди. Аммо энди хайрлашиш вақти келди.
Мен бошқача хайрлашишни истардим. Балки сўнгги бор «Сан-Сиро»га чиқиб, ўша ерда, майдоннинг ўзида мухлислар билан хайрлашардим. Бу клуб тарихида қолишимга ишонаман, чунки бу ерда нималар қилганимни яхши биламан.
Ҳаёт шундай: биз ўрганамиз, хайрлашамиз. Аммо, менимча, «Милан»га бўлган муҳаббатим ҳеч қачон сўнмайди. Узоқда бўлсам ҳам, доимо жамоани кузатиб бораман. Чемпион бўлган мавсумимиз ҳақидаги хотираларни ўзим билан олиб кетаман. Бу лаҳзаларни умримнинг охиригача эслаб қоламан.
Баъзан қарор қабул қилиш керак бўлган пайт келади. «Милан» ҳар доим «Милан» бўлиб қолади. Жамоа ҳам, мураббий ҳам жуда юқори даражада.
Аморим жуда яхши ва қатъиятли мураббий. У «Милан»га яна ғалаба қозона бошлашда ёрдам бера олади. У қўяётган футбол менга ёқади.
«Милан»га фақат энг яхши тилакларни тилайман. Доимо ёнимда бўлган мухлисларга раҳмат айтаман. «Милан» ғалаба қозонишда давом этади», — деди Леау.













