Якшанба, 30 август куни Англия Премьер-лигаси 2-тури доирасида яна тўртта учрашув бўлиб ўтади. Қуйида ушбу баҳслар олдидан асосий статистик маълумотлар ва жамоалардаги сўнгги ҳолат билан танишишингиз мумкин.
"Челси" — "Брайтон"
18:00
"Челси" Премьер-лигадаги сўнгги етти мавсумда ўзининг илк уй учрашувида фақат бир марта ғалаба қозонган. Бу 2021/22 йилги мавсумда "Кристал Пэлас" устидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба эди. Қолган ўйинларда лондонликлар 4 марта дуранг ўйнаб, 2 марта мағлуб бўлган.
"Брайтон" эса чемпионатдаги сўнгги 13 учрашувидан 8 тасида ғалаба қозонган, 1 марта дуранг ўйнаб, 4 бор ютқазган. Бунгача бўлган 13 ўйинда жамоа атиги битта ғалаба қайд этган эди.
Шунингдек, "Брайтон" Премьер-лигада "Челси"га қарши сўнгги учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган ва ҳар сафар рақиб дарвозасига аниқ 3 тадан гол урган.
"Челси" сафида Мойсес Кайседо жароҳатдан кейин асосий таркибга қайтиши мумкин. Марко Палестра ва Жордан Хендерсон ҳамон жароҳат сабаб майдонга туша олмайди. Весле Фофана яна жамоага ёрдам беришга тайёр. Энцо Фернандеснинг эса трансфер масаласи ҳал бўлаётгани сабаб қайдномага киритилиши даргумон.
"Брайтон" ярим ҳимоячиси Жек Хиншелвуднинг ҳолати ўйин олдидан баҳоланади. Янкуба Минте, Каору Митома, Стефанос Цимас ва Эван Фергюсон эса жароҳатларини даволашда давом этмоқда.
"Лидс" — "Брентфорд"
18:00
2025 йил декабрь ойидан буён Премьер-лигада фақат бешта жамоа "Лидс"дан кўпроқ очко жамғарган. "Оқлар" ушбу даврда 39 очко тўплаган.
"Брентфорд" эса юқори дивизиондаги сўнгги 12 учрашувида атиги 2 марта мағлуб бўлган. Жамоа бу даврда 3 та ғалаба ва 7 та дуранг қайд этган. Иккала мағлубият ҳам сафарда — "Манчестер Юнайтед" ва "Манчестер Сити"га қарши ўйинларда кузатилган.
"Лидс" чемпионат доирасида "Брентфорд"га қарши ўз майдонидаги сўнгги саккиз учрашувнинг бирортасида ҳам мағлуб бўлмаган — 3 та ғалаба ва 5 та дуранг.
"Лидс" ҳужумчиси Вильфред Ньонто ўйин олдидан фитнес-тестдан ўтади. Дарвозабон Лукас Перри эса яқинда ижара асосида "Торино"га кўчиб ўтди.
"Брентфорд" янги ҳимоячи Малик Диуфни ўз вақтида рўйхатдан ўтказишга улгурди. Сепп Ван ден Берг эса чов соҳасидаги жароҳат сабаб майдонга тушмайди.
"Сандерленд" — "Фулҳэм"
18:00
"Сандерленд" 1-турда "Ипсвич"га қарши учрашувда тўпга 62 фоиз эгалик қилган. Бу клубнинг бир йил аввал Премьер-лигага қайтганидан буён энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
"Фулҳэм" эса 2026 йилда сафар ўйинларида ҳозирги АПЛ жамоалари орасида энг кам очко тўплаган — 7 очко. Лондонликлар сафарда 1 марта ғалаба қозониб, 4 марта дуранг ўйнаган ва 5 бор мағлуб бўлган.
"Сандерленд" Премьер-лигада "Фулҳэм"га қарши ўз майдонидаги сўнгги олти учрашувнинг бирортасида ҳам ғалаба қозона олмаган — 3 та дуранг ва 3 та мағлубият.
"Сандерленд" вингери Симон Адингра тўпиғидаги жароҳатдан тикланмоқда. Янги футболчи Даянн Метаили эса клубга дисквалификация билан келган.
"Фулҳэм" ярим ҳимоячиси Том Кэрни тиззасидаги кичик жарроҳлик амалиётидан кейин тикланиш жараёнини давом эттирмоқда.
"Манчестер Юнайтед" — "Ипсвич"
20:30
Майкл Каррик қўл остида "Манчестер Юнайтед" Премьер-лига дебютантларига қарши ҳали бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган — 1 та дуранг ва 2 та мағлубият.
"Ипсвич" эса Англия чемпионати мавсумини кетма-кет икки ғалаба билан бошлаш натижасини клуб тарихида тўртинчи марта қайд этиши мумкин. Бунга қадар жамоа 1974/75, 1980/81 ва 1993/94 йилги мавсумларда шундай старт олган.
"Манчестер Юнайтед" чемпионат доирасида "Ипсвич"га қарши ўз майдонидаги сўнгги саккиз учрашувда мағлуб бўлмаган — 6 та ғалаба ва 2 та дуранг. "Қизил иблислар" сўнгги тўртта уй ўйинини умумий 18:2 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган.
"Манчестер Юнайтед"нинг янги футболчиси Карлос Балебанинг сафга қайтишига яна 2-3 ҳафта бор. Том Хитон, Маттейс де Лигт, Мануэль Угарте ва Мэйсон Маунт ҳам жароҳат сабаб ҳозирча жамоага ёрдам бера олмайди.
"Ипсвич" сафида эса Азор Матусива ва Флорентину Луиш майдонга тушмайди.













