«Барселона» бош мураббийи Ҳанси Флик «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Альвареснинг каталонияликлар сафига эҳтимолий трансфери ҳақидаги саволга ҳазиломуз муносабат билдирди.
«Мендан Хулиан Альварес ҳақида сўрамоқчимисиз?» — дея кулиб журналистга мурожаат қилди Флик.
Журналист немис мутахассиси аргентиналик футболчи ҳақидаги саволни эшитишни хоҳлайдими, деб сўраганида, Флик шундай жавоб қайтарди:
«Йўқ, керак эмас. Чунки барибир аввалгидек жавоб оласиз», — дея мураббийнинг сўзларини келтиради The Touchline.
Флик сўнгги вақтларда Альварес ҳақида батафсил фикр билдиришдан бир неча бор бош тортиб, бошқа клуб футболчиларини муҳокама қилишни истамаслигини таъкидлаб келмоқда.
Шу билан бирга, «Барселона» 26 ёшли ҳужумчига қизиқишини сақлаб қолмоқда. «Атлетико» эса Альваресни каталонияликларга сотиш ниятида эмас.













