Душанба куни кечқурун Гамбургда ўтказилган Sport Bild Awards маросимида "Бавария"нинг икки вакили махсус мукофотларга сазовор бўлди.
Тадбирда қарийб 700 нафар меҳмон, жумладан клуб президенти Херберт Хайнер ҳам иштирок этди. "Бавария"нинг фахрий президенти Ули Хёнесс "Legend Award" мукофотини шахсан қабул қилиб олди.
Жамоа ҳужумчиси Харри Кейн эса "Йил футбол юлдузи" деб топилди. Англиялик футболчи ҳакамлар ҳайъатига видеомурожаат орқали миннатдорлик билдирди.
Хёнесс Германия футболидаги кўп йиллик хизматлари ва фаолияти учун мазкур мукофотга муносиб кўрилди.
Кейн эса клуб ва миллий терма жамоа сафида ўтказган ажойиб мавсуми учун тақдирланди. Ҳужумчи 65 та расмий учрашувда 73 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.













