Расмус Хёйлунд "Манчестер Юнайтед"дан кетиши ҳақида гапириб, клубда ўзини энди керак эмасдек ҳис қилганини тан олди.
"Мен ҳатто улар мени у ерда кўришни бошқа истамаяпти, деб ўйлаганимни айтдим. Шунинг учун вариантларимни баҳолашим керак эди ва "Наполи" мен учун тўғри танлов бўлди", — деди Хёйлунд Gazzetta dello Sport нашрига.
Даниялик ҳужумчи 2023 йилда "Аталанта"дан 64 миллион фунтга "Манчестер Юнайтед"га ўтган эди. У дебют мавсумида 16 та гол урди, кейинги мавсумда эса Рубен Аморим қўл остида АПЛда бор-йўғи 4 та гол қайд этди.
Хёйлунднинг айтишича, Антонио Контенинг шахсий қўнғироғи уни "Милан" ўрнига "Наполи"ни танлашга ундаган.
Ҳужумчи, шунингдек, "Манчестер Юнайтед"нинг 2025 йилги Европа лигаси финалида "Тоттенхэм"га мағлуб бўлишини фаолиятидаги бурилиш нуқталаридан бири деб атади.
Хёйлунд ўтган мавсумни "Наполи"да ижара асосида ўтказиб, А Серияда 12 та гол урди. Кейинчалик унинг трансфери тўлиқ расмийлаштирилди ва у жорий мавсумда ҳам неаполликлар сафида гол уришда давом этмоқда.













