«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси Гари Невилл «Ливерпуль»нинг собиқ ҳужумчиси Роберто Фирмино «Арсенал» форварди Кай Хаверцдан кўра кучлироқ ўйинчи деган фикрни билдирди.
«Илтимос, Хаверц ва Фирминони солиштиришни бас қилинг. Фирминога футболчи сифатида паст баҳо бериш керак эмас. У Садио Мане ва Салоҳ учун жуда муҳим ўйинчи эди. Хаверц Фирминочалик яхши деб ўйламайман», — деди Невилл Sky Sports эфирида.
Фирмино «Ливерпуль» сафида барча мусобақаларда 362 та ўйин ўтказиб, 111 та гол ва 76 та голли узатмага муаллифлик қилган. Хаверц эса «Арсенал» таркибида 114 та учрашувда майдонга тушиб, 38 та гол урган ва 18 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.













