«Нефтчи» футбол клуби финляндиялик ҳужумчи Маркус Форсс билан шартнома имзолаганини расман маълум қилади.
1999 йил 18 июнда Финляндиянинг Турку шаҳрида туғилган Маркус Уолеви Форсс — марказий ҳужумчи сифатида фаолият юритадиган, зарур ҳолатларда ҳар икки қанотда ҳам ўйнай оладиган футболчи. Унинг бўйи 1,82 метр, асосий оёғи — ўнг оёқ.
Форсс футболчилик фаолиятининг катта қисмини Англиянинг профессионал футбол тизимида ўтказган. 13 ёшида «Вест Бромвич Альбион» академиясига қўшилган футболчи кейинчалик «Брентфорд» тизимида фаолиятини давом эттирган ва 2018 йилда клубнинг асосий жамоасида дебют қилган.
«Брентфорд» сафида Форсс 2018–2022 йиллар давомида тўп тепди. 2019/20 йилги мавсумда ижара асосида «АФК Уимблдон» сафида ҳаракат қилиб, 18 та лига учрашувида 11 та гол урди. Кейинчалик «Ҳалл Сити» сафида ҳам ижара асосида ўйнади.
2022 йил ёзида Маркус Форсс «Мидлсбро» футболчисига айланди. Англиянинг Чемпионшип лигасида жамоанинг муҳим ҳужумчиларидан бири бўлган Форсс клуб сафида барча мусобақаларда 90 дан ортиқ учрашувда майдонга тушиб, 18 та гол қайд этди.
2025/26 йилги мавсумни эса ижара асосида «Болтон Уондерерс» сафида ўтказди.
Маркус Форсс — Финляндия миллий терма жамоаси аъзоси. У мамлакатининг U-17, U-18, U-19 ва U-21 терма жамоаларида ҳам ўйнаган. 2020 йил ноябрь ойида Финляндия бош жамоасида дебют қилган. Илк халқаро учрашувида Францияга қарши майдонга тушиб, дебютини гол билан нишонлаган. Форсс Финляндиянинг Евро-2020 таркибидан ҳам жой олган. Терма жамоа сафида ҳозирга қадар 21 та учрашувда 2 та гол қайд этган.
Маркус Форсс энди ўзининг Англиядаги катта футбол тажрибасини Фарғонага олиб келади.
«Нефтчи» ПФК матбуот хизмати













