УЕФА ижроия қўмитаси 2026/27 йилги Миллатлар лигасида юқори лигага чиқиш ва қуйи лигага тушиш тизимига ўзгартишлар киритди.
Янгиликлар 2028/29 йилги мавсумдан кучга кирадиган янги форматга ўтишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра, Миллатлар лигасида 4 та эмас, 3 та лига қолади.
Янги форматда ҳар бир лига 6 тадан жамоа иштирок этадиган 3 та гуруҳдан иборат бўлади.
Жамоалар 5 хил рақибга қарши жами 6 тадан ўйин ўтказади. Турли саватдаги рақиблар билан уйда ёки сафарда, шунингдек, ўз саватидаги жамоалардан бирига қарши ҳам уйда ёки меҳмонда баҳс олиб борилади.
C лигасида эса 7 та жамоадан иборат битта гуруҳ бўлади. Ушбу гуруҳ бошқаларга нисбатан бир халқаро ойна олдинроқ мусобақани бошлайди.
Чорак финаллар, "тўртлик финали" ҳамда юқори ва қуйи лига ўртасидаги ўтиш плей-офф баҳслари сақлаб қолинади.
2026/27 йилги Миллатлар лигаси мавсуми 24 сентябрь куни старт олади.
Амалдаги чемпион — Португалия. Испания эса аввалги мусобақа финалчиси ҳисобланади.
2028/29 йилги мавсумда A лигаси таркиби қуйидаги жамоалардан шакллантирилади: A лигасининг 8 нафар чорак финалчиси, A лигасида учинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасидан энг яхши 2 таси, B лигасининг 4 та гуруҳ ғолиби ҳамда A ва B лигалари ўртасидаги плей-оффда ғолиб чиққан 4 та жамоа.













