Венесуэла терма жамоаси ярим ҳимоячиси Томас Ринкон профессионал футболдаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
"Кўп йиллар давомида ҳаётимнинг бир қисми бўлган босқични якунлаш вақти келди. Профессионал футбол билан хайрлашиш мен учун нимани англатишини сўз билан ифодалаш осон эмас.
Болалигимдан муваффақиятга эришишни орзу қилардим, аммо бу йўл менга қанчалик кўп нарсани ҳис қилиш ва бошдан кечириш имконини беришини ҳеч қачон тасаввур қилмаганман.
Туғилиб ўсган юртимни намоён этиш имкониятини ҳеч қачон оддий ҳол деб қабул қилмаганман. Майдонга ҳар сафар чиққанимда бор кучимни берганимни билиб, хотиржам кетяпман.
Бугун футболчи сифатидаги босқичим якунланди, аммо футбол билан муносабатим эмас. Бунинг иложи ҳам йўқ", — деди Ринкон.
Томас Ринкон фаолиятини Венесуэлада бошлаган, кейин эса беш йил давомида "Гамбург" сафида ўйнаган.
У Италияда "Женоа", "Ювентус", "Торино" ва "Сампдория" клублари шарафини ҳимоя қилди. Ринкон "Ювентус" билан 2016/17 йилги мавсумда Италия чемпионати ва мамлакат кубогида ғолиб чиққан.
Футболчи фаолиятининг сўнгги босқичини 2023–2026 йилларда "Сантос"да ўтказди ва 2024 йилда Бразилия B Серия мусобақасида чемпион бўлди.
38 ёшли Ринкон Венесуэла терма жамоаси сафида 134 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди ва 5 та голли узатма амалга оширди.













