«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета клуб билан шартномасини яна узайтириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
Испаниялик мутахассисдан икки йил аввал бўлгани каби, терма жамоалар ўйинлари муносабати билан кузги танаффус вақтида янги келишув имзоланиши мумкинми, деб сўралди.
«Менимча, бу масалада барчамиз бир фикрдамиз. Тўғри вақт келганда, барчасини расмийлаштирамиз. Бу ерда хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ.
Муддатлар аввалгидек бўладими-йўқми, билмайман. Клуб билан амбицияларимиз ва мақсадларимиз бир хил. Вақтимиз бўлганида, бу масалани ҳал қиламиз», — деди Артета матбуот анжуманида.
19 сентябрь, шанба куни «Арсенал» Англия Премьер-лигаси доирасида сафарда «Брайтон»га қарши майдонга тушади.













