«Барселона» вингери Ламин Ямал келажакда бошқа позицияда ўйнашга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақида фикр билдирди.
19 ёшли футболчи вақт ўтиши билан, худди бир пайтлар Лионель Месси каби, марказга яқинроқ позицияга ўтиши мумкинлиги кўп муҳокама қилинади.
«Фаолиятим давомида доим вингер бўлиб қоламанми? Билмайман. Қанотда қоламанми ёки бироз чуқурроқ ҳаракат қиламанми — буни вақт кўрсатади. Аммо бир нарса аниқ: мен ҳар доим ҳужумда ўйнайман.
Марказга силжиб ҳаракат қиладиган вингер роли мен учун жуда қулай. Лекин, менимча, энди биз фақат қанотга боғланиб қолган, тўпни жарима майдонига узатадиган, рақибни алдаб ўтадиган ва пас берадиган 16 ёшли Ламинни кўрмаймиз», — деди Ямал.
Жорий мавсумда испаниялик ёш футболчи 7 та ўйинда 8 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.













