«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Кэррик Карлос Балеба якшанба куни «Фулхэм»га қарши учрашувда майдонга тушиш учун қаттиқ ҳаракат қилаётганини айтди. Бу «МЮ»нинг янги ярим ҳимоячиси учун клуб сафидаги илк ўйин бўлиши мумкин.
«Манчестер Юнайтед» 22 ёшли Камерун терма жамоаси футболчисини август ойида «Брайтон»дан сотиб олган эди. Бироқ болдир қисмидаги жароҳат сабаб Балеба ҳозиргача қайдномага киритилмади.
У чоршанба куни Англия Лига кубоги доирасида собиқ клуби «Брайтон»га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юборди. «Манчестер Юнайтед» ўша баҳсда 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Кэррик MUTV'га берган интервьюсида жамоадаги вазият яхшиланганини таъкидлади.
«Ҳозир деярли ҳамма сафда. Сўнгги бир ҳафта ичида кўпчилик футболчилар ўйин амалиётига эга бўлди ва соғлом ҳолатга қайтди. Энди Карлосни ҳам жамоага қўшишга ҳаракат қиляпмиз.
Тўғрисини айтсам, уни қайта жамоага қайтариш эмас, балки биринчи марта тўлиқ гуруҳга қўшиш ҳақида гап кетяпти. У бу ҳафта бироз машғулот ўтказди. Умид қиламанки, Люк Шоу ҳам шу ҳафта жамоага қайта қўшилади ва биз дам олиш кунларидаги ўйинга кучли таркиб билан чиқамиз», — деди Кэррик.
Балебанинг кайфияти ҳақида сўралганда, мураббий шундай жавоб берди:
«Ҳа, у ўйнашни жуда истаяпти. У жуда кўтаринки кайфиятда.
Янги клубга келиб, дарҳол жамоа билан тўлиқ машғулот ўтказа олмаслик осон эмас. Аммо у бу вазиятни жуда яхши қабул қилди.
Унинг характери ажойиб, у жуда ғайратли ва имкони борича тезроқ сафга қайтиш учун қаттиқ ҳаракат қиляпти. Уни яна жамоа билан кўриш жуда яхши».













