Кириш Регистрация
23/09 10:30 Хитой 0-0 БАА
23/09 10:30 Эрон 1-4 КХДР
23/09 15:30 Япония 3-0 Таиланд
23/09 15:30 Қирғизистон 4-0 Гонконг

Каннаваро: "Терма жамоа эшиги ҳеч ким учун ёпиқ эмас"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Эронга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг қатор саволларига жавоб берди.

Италиялик мутахассиснинг фикрича, терма жамоа тараққиёти учун Эрон каби кучли рақибларга қарши мунтазам ўйнаш муҳим.

"Биз доимо кучли жамоалар билан тўқнаш келишга ҳаракат қилишимиз керак. Футболчиларимиз ана шундай қийин ўйинларда тажриба орттиради. Эрон Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Улар юқори савияли футболчилар ва катта халқаро тажрибага эга. Бу учрашув биз учун жуда фойдали бўлади", — деди Каннаваро.

Терма жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам бўлажак баҳс жамоанинг ҳозирги ҳолатини баҳолаш имконини беришини таъкидлади.

"Узоқ танаффус ва таркибдаги ўзгаришлардан кейин бу биз учун яхши синов. Кучли рақиб камчиликларимизни кўрсатиб беради. Яхши ўйин кўрсатиб, ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз", — деди ҳужумчи.

Анжуман давомида Аргентина терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ташкил этилиши мумкинлиги ҳақидаги аввалги хабарларга ҳам ойдинлик киритилди.

Каннаваронинг айтишича, бундай вариант ҳақиқатдан ҳам кўриб чиқилган. Бироқ Аргентина футбол федерациясининг Лионель Месси учун хайрлашув учрашувини ташкил этиш режаси вазиятни ўзгартирган.

"Аргентина билан ўйнаш учун ҳаракат қилган эдик. Аммо кейин улар Мессининг хайрлашув учрашуви масаласи бўйича қарор қабул қилди. Шунинг учун бошқа рақиб излашга тўғри келди ва Сурия билан келишдик. Албатта, Сурия — Аргентина эмас, лекин бу жамоага ҳам катта ҳурмат билан қараймиз. Улар билан ўйинлар доимо қийин кечади", — деди мураббий.

Таркибдаги сезиларли янгиланишлар ҳам матбуот анжуманининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Каннаваро айрим тажрибали футболчиларнинг бу сафар чақирилмагани уларнинг терма жамоадаги фаолияти тугаганини англатмаслигини айтди.

Унинг таъкидлашича, Жаҳон чемпионатидан кейин баъзи футболчилар ўйин амалиётидан маҳрум бўлган, айримлари жароҳат олган, яна кимдир клубсиз қолган. Бу эса бошқа номзодларни синаб кўриш учун имконият яратган.

"Терма жамоа эшиги ҳеч ким учун ёпиқ эмас. Биз чемпионатдаги ўйинларни доимий равишда кузатамиз. Футболчиларнинг ҳолатини яхши биламиз. Ким яхши формада бўлса ва жамоага ёрдам бера олса, имконият олади", — деди Каннаваро.

Бош мураббий миллий жамоага илк бор чақирилган Муҳаммад Ҳакимовга ҳам алоҳида тўхталди.

"Уни анчадан бери кузатиб келяпмиз. Муҳаммад майдонда қўрқмай ўйнайди ва яхши характерга эга. Мен футболчиларни ёшига қараб ажратмайман. Агар ёш футболчи талабга жавоб берса, ўйнайди. Тажрибали футболчи яхши формада бўлса, у ҳам майдонга тушади", — деди мутахассис.

Каннаваро футболчиларни танлашда тасодифий қарорларга ўрин йўқлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мураббийлар штаби ҳар бир номзодни узоқ вақт давомида кузатади ва унинг терма жамоага қанчалик фойда келтиришига қараб хулоса чиқаради.

Дарвозабон Владимир Назаров ва бошқа янги футболчиларнинг чақирилиши ҳам айнан шу тамойил билан изоҳланди.

Италиялик мутахассис Жаҳон чемпионатидан кейин юқори савияда барқарор ўйнаётган футболчилар сони камайганини ҳам яширмади. Шу боис, таркибни кенгайтириш ва янги номзодларни синаб кўришга эҳтиёж туғилган.

"Аввалги мураббий 22-23 футболчигагина ишонч билдиряпти, деб танқид қилинган эди. Энди биз кўпроқ футболчига имконият беряпмиз ва бу ҳам баҳсларга сабаб бўляпти. Ҳар доим мувозанатни топиш керак", — деди Каннаваро.

Анжуман якунида журналистлардан бири айрим яхши формадаги футболчиларнинг чақирилмаганини адолатсиз қарор деб баҳолади. Бу масалада қисқа мунозара ҳам юзага келди.

Каннаваро эса таркибдаги ўзгаришларни "инқилоб" деб аташга қўшилмаслигини билдирди.

"Бу инқилоб эмас. Биз шунчаки яхши ўйнаётган ёш футболчиларга миллий жамоада ўзини кўрсатиш имконини беряпмиз. Фикрлар турлича бўлиши мумкин. Сиз мени ҳурмат қиласиз, мен ҳам сизни ҳурмат қиламан", — дея фикрини якунлади Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.

Киритилди: 22:50, 23.09.2026.
Ўқилди: 629 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик