Исроил терма жамоаси ҳужумчиси Саид Абу Фарҳи УЕФА Миллатлар лигаси В лигаси гуруҳ босқичи 1-турида Австрияга қарши ўйинда голни баҳсли тарзда нишонлагани учун иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилди.
55-дақиқада Абу Фарҳи гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Голдан сўнг у бурчак байроқчасини олиб, бильярд шарини ургандек ҳаракат қилди.
Тахминларга кўра, бош ҳакам футболчининг бу ҳаракатини қуролдан ўқ узишга тақлид сифатида қабул қилган ва унга иккинчи сариқ карточкани кўрсатган.
Исроил бир киши кам бўлиб қолгач, Австрия 90 ва 90+3-дақиқаларда иккита гол уриб, ғалабани илиб кетди.
Айни пайтда Австрия ўз гуруҳида биринчи ўринда бормоқда, Исроил эса тўртинчи поғонада жойлашган.













