«Тихуана» марказий ярим ҳимоячиси Хильберто Мора Колумбияга қарши 1:1 ҳисобида якунланган ўртоқлик учрашувида Мексика терма жамоаси сафида гол урди.
17 ёшли футболчи 62-дақиқада ҳисобни тенглаштириб, жамоасига мағлубиятдан қутулиб қолишга ёрдам берди. Бу Моранинг миллий терма жамоа сафидаги илк голи бўлди.
Шу гол орқали Хильберто Мора Мексика термаси тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди. У 17 ёшу 11 ой ва 12 кунлигида гол киритди.
Аввалги рекорд 1930 йилдан бери сақланиб келаётган эди. Ўша йили жаҳон чемпионатида Аргентинага қарши 3:6 ҳисобида якунланган учрашувда Мануэль Росас 18 ёшу 3 ой ва 2 кунлигида гол урган.
Колумбияга қарши ўйинда Мора илк бор Мексика термаси сафида 10-рақамли либосда майдонга тушди.
Бу Хильберто Моранинг миллий жамоа сафидаги 13-учрашуви бўлди. Унинг ҳисобида ҳозирча 1 та гол ва 1 та голли узатма бор.
Мексикалик ярим ҳимоячи 2026 йилда ўз майдонида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам 4 та ўйинда иштирок этган. Мексика термаси мусобақанинг 1/8 финалигача етиб бориб, Англияга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган.













