Бразилиялик собиқ футболчи Алешандре Пато ҳозирги "Милан" таркибида қайси футболчи унга энг кўп ёқишини айтди.
Собиқ ҳужумчи терма жамоалар танаффуси олдидан жорий мавсумдаги илк голини урган Кристиан Пулишични алоҳида таъкидлади.
"Ҳозирги "Милан"да менга Пулишич жуда ёқади. У тўпни сўраш ва ўйинни ўз зиммасига олиш учун етарлича жасур, голли вазиятларда доим иштирок этади. Яқинда жароҳатдан қайтди ва ҳозир яна ўз танасига ишонч билан ҳаракат қилмоқда. У "Милан"ни яна юқори чўққига олиб чиқишига умид қиламан. Биз Чемпионлар лигасига йўлланма олишимиз керак", — дея Патонинг сўзларини Milan Posts келтирди.
Кристиан Пулишич 2023 йил ёзидан бери "россонери" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Америкалик футболчи 18 сентябрь куни 28 ёшга тўлди.













