Франция терма жамоаси ва «ПСЖ»нинг собиқ футболчиси Жером Ротен Франция терма жамоаси ҳамда «Бавария» вингери Майкл Олисенинг ўйини ҳақида ўз фикрини билдирди.
«Олисе — сеҳргар. Унда бошқа ҳеч кимда йўқ жиҳат бор. Унинг Миллатлар лигасида икки кун олдин майдонга тушиб, ўйин тақдирини ўзгартирганини кўрдик. Бу унинг терма жамоа учун қанчалик муҳим эканини кўрсатади. У бизнинг етакчимиз, энг яхши футболчимиз.
Албатта, унда ақлбовар қилмас техника бор. Аммо уни ўзига хос қиладиган жиҳат — жамоавий руҳи ва майдонда жамоаси учун қилаётган ҳаракатлари. Ҳозир Олисе ва Ямал бор — иккаласи ҳам сеҳргар. Ҳатто Олисе Ямалдан устун, деб ўйлайман, чунки у жамоа учун кўпроқ ҳаракат қилади ва жисмонан устунроқ футболчи. У — ҳақиқий гавҳар, Францияда унга ғамхўрлик қилишлари керак», — деди Ротен ўз подкастида.
Майкл Олисе Франция терма жамоаси сафида 17 та ўйин ўтказиб, 7 та гол урган ва 10 та голли узатмани амалга оширган.













