"Андижон" жамоаси Ўзбекистон Суперлигаси 23-тури доирасида "Бухоро"га қарши ўтказиладиган учрашув олдидан сўнгги тайёргарлик машғулотини ўтказди.
9 октябрь куни Бухорода бўлиб ўтадиган баҳс арафасида жамоа таркибида бир қатор йўқотишлар мавжуд.
Грузиялик футболчи Александр Андроникашвили жароҳатини ўз юртида даволашда давом этмоқда. Имеда Ашортия ҳам жароҳати сабаб айни пайтда муолажа олмоқда.
Азиз Турғунбоев ва Муҳаммадкарим Тоиров эса жароҳатидан тикланиш жараёнини бошлаган. Улар индивидуал тикланиш машқларини бажармоқда, бироқ ҳозирча учрашувда иштирок этиш учун тўлиқ тайёр эмас.
Шунингдек, сербиялик ҳимоячи Неманья Чаласан ҳам Бухородаги баҳсни ўтказиб юборади. Унинг сариқ карточкалари сони тўрттага етгани сабаб футболчи навбатдаги турда майдонга туша олмайди.
Бугун "Андижон" футболчилари клуб қароргоҳида сафар олдидан якуний машғулотни ўтказди. Жамоа кечки пайт Бухорога йўл олади.
Эслатиб ўтамиз, "Бухоро" — "Андижон" учрашуви 9 октябрь куни соат 19:00 да бошланади.













