АПЛнинг бир қатор клублари апелляцияси қаноатлантирилмаган тақдирда, «Манчестер Сити» нафақат аввалги молиявий қоидабузарликлари учун жазоланиши, балки келажакда ҳам амал қиладиган санкцияларга дуч келиши керак, деб ҳисобламоқда.
Камида тўртта клуб вакиллари очколарни олиб ташлашнинг ўзи, ҳатто бу жамоанинг Чемпионшипга тушиб кетишига олиб келса ҳам, етарли бўлмаслигини таъкидламоқда. Чунки «шаҳарликлар» Премьер-лигага тезда қайтиши мумкин. Шу сабабли бир неча мавсумга мўлжалланган жарималар ва бир нечта трансфер ойнаси давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш каби чоралар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, клуб раҳбарларидан бири қоидабузарликлар содир этилган даврда қўлга киритилган совринлардан «Манчестер Сити»ни маҳрум қилишни таклиф қилди. Бунда совринлар бошқа жамоаларга берилмасдан, бўш қолдирилиши керак.
Аввалроқ АПЛ «Манчестер Сити»ни 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда молиявий қоидаларни бузиш бўйича барча айбловлар асосида айбдор деб топган эди. Клуб эса бу қарор устидан апелляция берган.













