«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Каррик жамоанинг мавсум бошидаги қониқарсиз натижаларига қарамай, ўзини босим остида ҳис қилмаётганини маълум қилди.
Манчестерликлар жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида ўтказилган саккизта учрашувнинг атиги иккитасида ғалаба қозонган.
Каррик УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида Мадриднинг «Атлетико» клубига қарши ўйин олдидан жамоадаги вазият ва ўзига нисбатан билдирилаётган танқидларга муносабат билдирди.
«Ҳаммаси босим деганда нимани тушунишингизга боғлиқ. Биз нимани хоҳлаётганимизни ва ўзимиздан нимани кутаётганимизни яхши биламиз. Бу талаблар ташқаридан эмас, ўзимиздан келиб чиқади.
Вазият қандай кўринаётганини тушунаман, аммо бунинг босимини ҳис қилаётганим йўқ. Мен ғалаба қозонишни ва муваффақиятга эришишни истайман.
Бизда ҳеч қандай салбий кайфият йўқ. Аксинча, олдимиздаги қийинчиликларни қабул қилиб, уларни енгишга ҳаракат қиляпмиз.
Албатта, қийин даврлар бўлади. Агар мураккаб вазифаларни бажаришга ва қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир бўлмасангиз, муваффақиятга эриша олмайсиз.
Футболда ҳаммасини кичик тафсилотлар ҳал қилади. Ўтган ўйинни яхши бошлай олмадик. Учрашувларнинг сўнгги дақиқаларида ўтказиб юборган голларимизнинг барчаси олдини олиш мумкин бўлган вазиятларда юзага келди.
Бироқ футболда натижани айнан шундай кичик фарқлар белгилайди», — деди Каррик.













