Ҳозиргина Қарши шаҳрида “Насаф” ва “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Ушбу учрашувда «Насаф» жамоаси муҳим ғалабани қўлга киритди ва ўз ҳисобидаги очколар сонини “Локомотив” жамоасига етказиб олди.
Биринчи бўлимдаёқ майдон эгалари олдинга ташланишди. Ана шундай ҳужумларнинг бирида тўп учун курашда рақиб жамоа ўйинчиси Иқбол Акрамов тўсатдан моҳир ярим ҳимоячи Эркин Бойдуллаевни тепиб юборди ва Эркин Бойдуллаев жароҳат олиб майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Шифокорлар эса уни тез ёрдам машинасида шифохонага олиб кетишди. Умид қилиб қоламизки, Эркинжонни жароҳати жиддий бўлиб чиқмайди. Шундай ҳам жамоа жароҳатлар исканжасидан қутула олмаяпти. Унинг ўрнига ёш футболчилардан Улуғбек Дадабоев майдонга туширилди.
Учрашувдаги ҳисоб 26-дақиқага келиб майдон эгалари томонидан очилди. Илҳом Юнусовнинг чап бурчакдан узатиб берган тўпини Илҳом Шомуродов боши билан дарвозага ажойиб тарзда тўғирлаб қўйди - 1:0. Мана шундан сўнг ҳам майдон эгалари ўйинни асло бўшаштиришмади ва кетма-кет ҳужумларни ташкил этишди. Гол уриш учун қулай вазиятлар ҳам кўп содир этилди. Жумладан, меҳмонларда ҳам гол уриш учун қулай вазиятлар бўлди аммо улар биринчи бўлимда ҳисобни тенглаштириша олишмади.
Биринчи бўлим ҳақида шуни айтиш керакки, майдонда тўлиқ устунлик “Насаф” томонида бўлди. Иккинчи бўлим ҳам “Насаф” жамоасининг кескин ҳужумлари билан бошланди. Ушбу бўлимдаги энг эсда қоларлик воқеа 65-дақиқада майдонга тушган Носир Отақўзиев бор-йўғи 6 дақиқа майдонда ҳаракат қилди, шу вақт мобайнида ўз қуполликлари учун ҳакам томонидан икки марта огоҳлантирилиб, майдондан четлаштирилди. Учрашувнинг 76-дақиқасига келиб, “Насаф” аъзолари иккинчи голини уришга муваффақ бўлишди. Илҳом Юнусов Кубок финалидаги "Бунёдкор"га урган голидек “Нефтчи” дарвозасини ишғол қилди - 2:0. Офарин!
Шундай қилиб, "Насаф" жамоаси ўз таркибидаги йўқотишларга қарамасдан учрашувда ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритди. "Насаф"нинг барча мухлислари номидан ҳамма йигитларга катта ташаккурлар изҳор этамиз. Севимли ўйинчиларимиздан бири Эркин Бойдуллаевни эса тезроқ соғайиб майдонга қайтишини кутиб қоламиз.
Энди навбат воҳа дербисига.
"Насаф" (Қарши) - "Нефтчи" (Фарғона) 2:0 (1:0)
Голлар: Илҳом Шомуродов 26-1:0, Илҳом Юнусов 76-2:0,
Ҳакамлар: В. Коваленко (Тошкент), Р. Ильясов (Тошкент), М. Саидқосимов (Тошкент), Н. Болтаев (Навои)
"Насаф": 25.Элдорбек Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 5.Ботир Қораев, 14.Лазиз Убайдуллаев, 17.Артур Георкян (с) , 20.Эркин Бойдуллаев (Улуғбек Дадабоев 11), 23.Шерзод Аъзамов, 34.Фаррух Сайфиев (Обид Мамотов 80), 27.Илҳом Юнусов, 9.Илҳом Шомуродов, 41.Азамат Алланиёзов (Зоҳид Абдуллав 83).
Заҳира: 1.Михаил Наумов, 3.Раҳматилла Бердимуродов, 77.Сухроб Неъматов, 88.Самандар Шодмонов, 35.Тохир Абдураззоқов,
“Нефтчи”: 51.Ғайрат Ҳасанов, 3.Шукурали Пўлатов, 7.Мансур Саидов, 17.Сардор Мирзаев, 20.Дилёрбек Эрматов, 22.Иқбол Акрамов (Бахтиёр Ёқубов 60), 23.Санжар Асқаралиев, 44.Шавкат Насибуллаев, 47.Ғулом Ўрунов (Мирзакамол Камолов 76), 52.Вячеслав Пономарёв, 99.Зайниддин Тожиев (Носир Отақўзиев 66).
Заҳира: 42. Ҳислат Чилматов, 5. Иқбол Бобожонов, 27. Ғайрат Жумаев, 30. Отабек Зокиров, 50. Носир Отақўзиев, 71. Мирзакамол Камолов.
Огоҳлантириш: Ғулом Ўрунов 34, Шавкат Насибуллаев 39, Носир Отақўзиев 65,71
Четлатиш: Носир Отақўзиев 71.
Назоратчи: А. Попов (Тошкент).