Испаниялик ярим ҳимоячи Андер Эррера "ПСЖ" сафида Лионель Месси билан бирга тўп сурган даврларини эслади.
37 ёшли футболчи Рио Фердинандга берган интервьюсида ўша пайтда Париж клубида ўйнаган кўплаб юлдузлар орасида айнан аргентиналик ҳужумчи унда энг катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
"Месси — бу бутунлай бошқа даража. Биз бундай футболчини бошқа кўрмасак керак. Унинг бетакрорлиги фақат ўйинларда эмас, балки ҳар бир машғулотда ҳам намоён бўларди.
Мен унинг неча марта тўпни йўқотишини санаб кўришга ҳаракат қилганман, аммо у умуман тўп йўқотмасди. Машғулотларда "рондо" машқини бажарганимизда, у ҳеч қачон доира марказига тушмасди. Чунки Месси тўпни йўқотмасди. Бу ақлбовар қилмас ҳолат эди.
Масалан, Неймар ҳақида гапирадиган бўлсак, у машғулотларда ҳар доим ҳам ўзининг бор имкониятини намойиш этмаслигини биласиз. Аммо ўйин пайтида у ўз маҳоратини кўрсатиб, учрашув тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Лео эса истисносиз ҳар куни сизни ҳайратга солади. Айнан шунинг учун ҳам у ҳозиргача бундай юқори даражада ўйнамоқда", — дея Эрреранинг сўзларини келтиради TyC Sports нашри.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Месси 2021–2023 йиллар давомида "ПСЖ" шарафини ҳимоя қилган. Айни пайтда аргентиналик юлдуз АҚШнинг "Интер Майами" клубида фаолиятини давом эттирмоқда.













