“Реал Мадрид” ҳужумчиси Винисиус Жуниор ҳакамларнинг ўзига нисбатан муносабатидан норози эканини билдирди. Бразилиялик футболчи бу ҳақда Чемпионлар Лигаси доирасида “Рома”га қарши кечган учрашувдан кейин гапирган.
“Бошқа бирор футболчи тўртта ўйинга дисквалификация қилинганини эслай олмайман. Олдимдаги футболчини суриб ташламоқчи бўлдим, аммо унинг сочидан тортиб юбордим. Натижада қизил карточка олдим. Шу сабабли бу қарордан ҳайратдаман. Ҳакамга тўртта ўйинга дисквалификация қилинишимга сабаб бўладиган бирорта ҳам ҳақоратли сўз айтмадим. Аммо гап Вини ҳақида кетганда, бундай қарор чиқариш жуда осон. Рақиб жамоа бу жазони оқлайди, матбуот ҳам шундай фикрда. Буни тушунаман. Мен эса ўз устимда ишлашда ва ривожланишда давом этаман. Қаердан келганимни ва нималарга қодир эканимни яхши биламан”, деди Винисиус.
Бразилиялик футболчи ҳакамларнинг унга қарши қоида бузилишларига муносабатидан ҳам норози эканини яширмади.
“Рақиб мухлисларининг мени масхара қилиши табиий. Ахир менинг вазифам уларнинг жамоасига гол уриш. Аммо ҳакамларнинг муносабатини тушунмайман. Статистикага кўра, фаолиятим давомида менга қарши 500 марта қоида бузилган, бироқ бунинг учун рақиблар атиги беш марта қизил карточка олган. Охир-оқибат эса сариқ карточкалар доим Вини ва бошқа ҳужумчиларга кўрсатилади. Биз футболга ўзгача жиҳатлар олиб кирадиган ўйинчиларни ҳимоя қилишимиз керак. Масалан, ‘Барселонаъдан Ламин Ямал ёки ‘Атлетикўдан Хулиан Алваресни. Ҳимоячилар бутун ўйин давомида менга қарши қоида бузиши мумкин, аммо якунда карточкани мен оламан”, дея қўшимча қилди ҳужумчи.
Маълумот учун, 26 ёшли Винисиус жорий мавсум клуб ва терма жамоа сафида жами икки марта гол урди. У “Реал” сафида Испания чемпионатининг иккинчи турида, Бразилия терма жамоаси сафида эса сентябрь ойида Австралияга қарши ўртоқлик учрашувида рақиб дарвозасини ишғол қилган. Ҳужумчи дисквалификация сабабли “Севилья”га қарши уй учрашуви ва “Барселона”га қарши “Эл-Класико”ни ўтказиб юборади. Шунингдек, у “Расинг” ҳамда “Валенсия”га қарши сафар ўйинларида ҳам жамоасига ёрдам бера олмайди.













