Кириш Регистрация
15/10 15:00 Тай По 0-1 Лион Сити Сэйлорс
15/10 15:00 Кангвон 1-2 Пномпен Краун
15/10 17:15 Патхум Юнайтед 1-2 Аделаида Юн.
15/10 17:15 Свай Риенг 0-0 Шангхай Шенхуа
15/10 17:15 Тампинес Роверс 0-1 Матида Зелвия
15/10 17:15 Кучинг Сити 1-1 Китчи
15/10 19:00 Андижон 0-1 Қизилқум
15/10 19:00 Машъал 0-1 ОКМК
16/10 19:00 Бунёдкор 1-1 Сўғдиёна
16/10 19:00 Қўқон-1912 2-4 Нефтчи
16/10 19:00 Сурхон 0-0 Хоразм
17/10 18:00 Локомотив - Насаф
17/10 19:00 Динамо - Бухоро
17/10 19:00 Навбаҳор - Пахтакор

«Ўйинни ўзинг белгилайсан» — FIFA U-20 World Cup 2027™ бренди ёш юлдузларни футбол тарихида ўз изини қолдиришга чорламоқда (видео)

Баҳо:
+ | -

ФИФА Озарбайжон ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган FIFA U-20 World Cup 2027™ мусобақасининг расмий брендини тақдим этди. «Ўйинни ўзинг белгилайсан» («U Shape The Game») шиори остидаги бренд бўлажак юлдузларни ўз тарихини ёзишга чорлайди.

Футболчилар ва мухлисларга қаратилган «Ўйинни ўзинг белгилайсан» шиори ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатининг асосий ғоясини ифодалайди. Мусобақа ёш футболчиларга ўз истеъдодини намоён этиш, катта ютуқларга эришиш ва футбол тарихида ўз номини қолдириш имконини беради.

Расмий эмблемада Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бой маданий меросидан илҳомланган миллий нақшлар ҳамда мозаика элементлари акс этган. Анъанавий безаклар замонавий шакллар ва ранглар уйғунлиги орқали янгича талқинда намоён этилган.

Эмблеманинг марказидан ёрқин ва ўзига хос «U» ҳарфи ўрин олган. У ёш футболчиларнинг ўз келажагини яратиш ва футбол ривожига ҳисса қўшиш салоҳиятини ифодалайди. Шунингдек, эмблема футболчилар ва мухлисларнинг мусобақадаги муҳим ўрнини таъкидлайди.

Кўк-яшил, яшил, бинафша ва қизил ранглар уйғунлиги мусобақага ўзига хос кўриниш бағишлайди. Рангларнинг бир-бирига уйғун ўтиши эса Ўзбекистон ва Озарбайжонни ягона бренд остида бирлаштиради.

ФИФА бош котиби Маттиас Графстрём шундай деди:

«Ёш футболчилар учун Жаҳон чемпионатида ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилиш — бутун фаолияти давомида фахр билан эслайдиган улкан ютуқ. Шу билан бирга, бу улар учун янги тажриба орттириш, турли футбол услубларини ўрганиш, янги муҳитга мослашиш ва тенгдошлари орасидаги энг кучли футболчиларга қарши майдонга тушиш имкониятидир.

«Ўйинни ўзинг белгилайсан» шиори айнан ёш футболчиларга қаратилган. Чунки бу мусобақа уларга ўз истеъдодини намоён этиш ва футбол тарихида ўз изини қолдириш имконини беради.

Биз мезбон давлатлар — Озарбайжон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда ёш футболчилар ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатида ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун барча зарур шароитларни яратмоқчимиз. Шунингдек, уларга мусобақа якунланганидан кейин ҳам узоқ вақт ёдларида қоладиган унутилмас таассуротлар улашишни истаймиз. Бу борадаги самарали ҳамкорлиги учун ҳар икки мезбон давлатга миннатдорлик билдирамиз».

Бугун мусобақа бренди тақдимотига бағишланган тантаналар ҳар икки мезбон давлат пойтахтида давом этади. Турнирга тайёргарлик ишлари жадаллашаётган бир пайтда Боку ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойларида расмий эмблемани намойиш этиш режалаштирилган.

Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси (АФФА) президенти Ровшан Нажаф шундай деди:

«ФИФА U-20 Жаҳон чемпионати турли мамлакатлардан келган ёш футболчиларга ўз истеъдодини намойиш этиш, халқаро тажриба орттириш ва спорт фаолиятида муҳим қадам ташлаш учун катта имконият яратади. Ишонамизки, ушбу мусобақа юқори савиядаги спорт беллашуви бўлиш билан бир қаторда, ёш футболчиларнинг ривожланиши ва мухлисларнинг футболга бўлган қизиқишини янада ошириш учун муҳим майдон вазифасини ҳам бажаради».

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов эса қуйидагиларни таъкидлади:

«ФИФА U-20 Жаҳон чемпионати ёш футболчиларга ўз истеъдодларини халқаро миқёсда намойиш этиш, тажриба орттириш ва профессионал фаолиятида янги босқичга чиқиш учун катта имконият яратади.

Ишонамизки, Ўзбекистон ва қардош Озарбайжонда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги мундиал мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиб, бутун дунё ишқибозларининг эътирофига сазовор бўлади».

ФИФА U-20 Жаҳон чемпионати — 2027 тарихдаги 25-мусобақа бўлиб, 1977 йилда Тунисда ўтказилган илк турнирнинг 50 йиллигига тўғри келади. Диего Марадона, Лионель Месси ва Эрлинг Ҳоланд каби машҳур футболчилар ҳам фаолиятларининг илк босқичларида ушбу турнирда иштирок этишган.

Навбатдаги мусобақа ёш футболчиларга ўз истеъдодини намойиш этиш ва футбол тарихида ўз номини қолдириш имконини беради. Мухлислар эса келажакда жаҳон футболи юлдузларига айланиши мумкин бўлган иқтидорларни кашф этиш имкониятига эга бўладилар.

Манба: ufa.uz
Киритилди: 22:53, 16.10.2026.
Ўқилди: 219 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик