«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Каррик клуб манфаатлари ҳар қандай футболчи ёки мураббийнинг шахсий манфаатларидан устун туриши кераклигини таъкидлади.
Англиялик мутахассис матбуот анжуманида «қизил иблислар» тарихида муҳим ўрин тутган шахсларни мисол қилиб, клубнинг асосий қадриятлари ҳақида фикр билдирди.
«Мен бу клуб тарихининг бир қисми бўлган айрим инсонларни шахсан танийман ва улар билан яхши танишман.
«Манчестер Юнайтед» ҳар доим ҳар қандай алоҳида шахсдан устун бўлган ва шундай бўлиб қолади. У мендан ҳам, исталган футболчидан ҳам муҳимроқ. Бу ерда доим шундай бўлган.
Менга клубнинг айрим буюк футболчиларини шахсан таниш ва улар билан бирга ўйнаш бахти насиб этган.
Райан Гиггз, эҳтимол, «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг буюк футболчилардан биридир. Аммо гап ҳеч қачон Райан Гиггз ҳақида бўлмаган. Биринчи ўринда доимо «Манчестер Юнайтед» турган.
Уэйн Руни клуб тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. У учун энг муҳими жамоа манфаати йўлида ўйнаш, керак бўлса, ўзини қурбон қилиш ва «Манчестер Юнайтед» учун энг тўғри ишни бажариш эди.
Сэр Алекс Фергюсон эса барча даврларнинг энг буюк мураббийи. Шахсан мен учун у энг зўри ҳисобланади. Унинг қўл остида ишлаганимда, Фергюсон учун ҳам энг асосий устувор вазифа «Манчестер Юнайтед» манфаатлари эканини кўрганман.
Биз ҳеч қачон бу фазилатларни йўқотмаслигимиз керак. Мен ҳам уларнинг йўқолишига йўл қўймайман. Айнан шу мақсадга эришиш истаги мени янада қаттиқроқ ишлашга ундайди», — деди Каррик.
Қайд этиш жоиз, «Манчестер Юнайтед» Англия Премьер-лигасининг дастлабки етти турида 7 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 13-ўринни эгаллаб турибди.
Манкунианликлар навбатдаги учрашувини 25 октябрь куни ўз майдонида «Борнмут»га қарши ўтказади.













