2011 йилнинг июль ойида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоасидан БААнинг «Ал-Шабаб» клубига трансфер қилинган ҳамюртимиз Азиз Ҳайдаров ўтган вақт мобайнида ўзининг бир текис ўйин намойиш этиши билан Дубай клубининг ҳақиқий етакчиларидан бирига айланди.
«Бунёдкор» сафида 155 ўйинда иштирок этиб, 9та гол урган терма жамоамиз аъзоси бу кетишда «Шабаб»да ҳам ўзига хос рекорд ўрнатади. Ўтган ҳафта Ҳайдаров БАА Про-лигасининг тур ўйинида «дубл»га эришди. Азизнинг жамоаси «Ал-Васл» майдонидан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Эътиборлиси, 60-дақиқада «Ал-Шабаб» майдонда 10 киши бўлиб қолган. Шунга қарамай, ярим ҳимоячимизнинг «дубл»и эвазига дубайликлар муҳим уч очкони расмийлаштиришди. Дарвоқе, айни пайтда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун Дубайда бўлиб турган бир гуруҳ мухлислар бевосита стадиондан Азиз Ҳайдаров ва унинг жамоасига ишқибозлик қилишди. Биз куни кеча миллий терма жамоамиз аъзоси билан боғланиб, ундан интервью олдик.
- Азиз, «Ал-Васл»га қарши кечган учрашувда иккита тўп киритиб, жамоангиз ғалабасига муносиб ҳисса қўшдингиз. Бу билан сизни табриклаймиз. Адашмасам, бу БААдаги фаолиятингиз давомидаги иккинчи «дубл» бўлди. Шундай эмасми?
- Табрик учун раҳмат. Ҳақиқатан ҳам, бу мен томондан қайд этилган иккинчи «дубл» бўлди. Илк бор «Ал-Шабаб»-«Банияс» учрашувида рақиб дарвозасини икки бор ишғол қилгандим. Энг муҳими ва мен учун аҳамиятлиси, бу «Шабаб» таркибидаги дебьют ўйинимда содир бўлганди. Орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтгач, бир ўйинда яна иккита тўп киритдим. Албатта, бу жуда ёқимли. Лекин биринчи галда голларим жамоамга ғалаба келтирганидан хурсандман. Ўйиннинг ўзига тўхталадиган бўлсам, учрашув биз учун қийин бошланди. Меҳмонда ҳаракат қилаётганимиз боис, биринчи бўлимда ташаббус асосан «Васл» томонида бўлди. Бунинг натижасида танаффусга 1:0 ҳисобидаги устунлик билан чиқишди. Боз устига, иккинчи бўлим бошларида ҳужумчимиз рақиб дарвозабонига нисбатан хавфли ўйнагани учун майдондан четлатилди. Ҳам ҳисобда ортда бориш, ҳам майдонда бир киши кам қолиш, меҳмонда ўйнаш... жуда мушкул вазиятга тушиб қолдик. Лекин бу билан руҳимизни туширмадик. Аксинча, майдонни тарк этган жамоадошимиз учун ҳам бор кучимизни тўплаб ҳаракат қилдик ва якунда 3:1 ҳисобидаги ғалабага эришдик.
- Одатда футболчилар муҳим ўйинларда гол киритишганда, уни кимгадир бағишлашади. Сиз ҳам тўпни футболкангиз остига беркитиб, ўзига хос тарзда голни нишонладингиз. Бу гол рафиқангизга аталганмиди?
- Ҳа, худди шундай. Биз фарзанд кутяпмиз. Шу боис, киритилган голларимни рафиқамга бағишладим. Ўйлайманки, у бундан хурсанд бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига мухлислик қилиш учун БААга келган Абдураҳмон Фозилов бошчилигидаги фан клуб аъзоларига бевосита стадионда мен ва жамоадошларимни қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдираман. Уларнинг олқишлаши бизни руҳлантириб юборди.
- Икки йилдан бери БААда ўйнаяпсиз. Умуман олганда, бу легионер футболчи учун ижобий ҳолат. Мавсумлар оралиғида клубдан кетишингиз ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Нима деб ўйлайсиз, жамоани алмаштириш фурсати етмадимикан?
- Бу ҳақда кўп ўйлаганман. Аммо ҳозирги фаолиятимдан кўнглим тўляпти. «Ал-Шабаб» мен учун иккинчи уйим бўлиб қолган. Бу ерда мени барча нарса қониқтиради. Лекин футболчи бир жойда туриб қолмаслиги керак. Агар кучли чемпионатлардаги клублардан ҳар томонлама манфаатли таклифлар бўлса, албатта кўриб чиқилади. Биринчи навбатда бу клуб манфаатига ҳам тўғри келиши керак.
- Бу йилги мавсумда жамоа сов-ринли ўринлар, хусусан чемпионлик учун кураша оладими?
- Бўлмасамчи?! Клуб раҳбарияти биринчи галда жамоа олдига ОЧЛга бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритиш вазифасини қўйган. Буни уддалаймиз, деб ўйлайман. Таркибимиз 2-3 йилдан бери деярли ўзгаришсиз ўйнаб келяпти. Бемалол, совринли, хатто чемпионлик учун ҳам курашамиз.
- Миллий терма жамоамизнинг Вьетнамга қарши кечган биринчи бўлимдаги ўйини умуман қовушмади. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз? Чунки Вьетнам у даражада кучли жамоа эмас.
- Тўғри айтасиз. Биринчи бўлимда ўйинимиз умуман чиқмади. Вьетнам даражасидаги жамоаларни қийинчиликсиз енгишимиз керак. Балки, осон ғалаба қозонамиз, деб ўйладикми? Бунинг учун мухлислардан узр сўраймиз.
- Жаҳон чемпионати йўлланмасидан маҳрум бўлганимизни шахсан сиз қандай қабул қилдингиз?
- Бу воқейликни унутишга ҳар қанча уринмайлик, иложи бўлмаяпти. Биз жуда яқин келгандик. Аламли якун. Начора, тақдирда шундай битилган экан.
- Иордания билан ўйин олдидан Тошкентга келдингиз, лекин шамоллаб қолганингиз сабаб ортга қайтиб кетдингиз. Аммо икки кундан сўнг БАА чемпионатида майдонга тушдингиз. Бу ҳолат матбуотда, одамлар орасида турлича талқин қилинди. Ўзингиз бу вазиятга ойдинлик киритиб берсангиз.
- Мен ҳақиқатан ҳам шамоллаб қолгандим. Ватан шаънини ҳимоя қилиш турганда, қандай қилиб бу ҳақда ўйлаш мумкин? Терма жамоамиз шифокори ва мураббийлар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутдик. Терма жамоага шундай муҳим ўйинда ёрдам бера олмаганимдан афсусдаман.
- Терма жамоа билан боғлиқ эндиги режалар қандай?
- Ҳаёт бу билан тўхтаб қолмайди. Йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, янги марралар сари интилиш керак. Олдинда Осиё Кубоги-2015нинг яна 3та учрашуви бор. Қолган ўйинларда ғалаба қозониб, биринчи галда финал босқич йўлланмасини қўлга киритиш лозим. Шундан кейин Осиё чемпионатида муносиб тарзда қатнашиб, бежизга ЖЧ саралаш раундида 14 очко қўлга киритилмаганини исботлашимиз зарур. Бу борада терма жамоага ёрдам бериш учун бор кучимни сафарбар қиламан.
- Бу мавсум кашфиёти сифатида кимни айтган бўлардингиз?
- Менга Жамшид Искандаровнинг ўйини ёқди. Кейин Сардор Рашидов ҳам мавсум оҳирида ўзининг ижобий хислатларини намойиш эта бошлади.
Манба: InterFutbol газетаси