Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Йозеф Блаттернинг Роналду ва Месси ҳақидаги фикрлари оммавий ажиотажга сабаб бўлди

Баҳо:
+2 | -

Жаҳон футбол раҳбари Йозеф Блаттер билан "Реал"нинг португалиялик юлдузи Криштиану Роналду ва унинг атрофидагилар ўртасидан "қора мушук ўтди".

Дастлаб Marca нашрида ФИФА Президентининг қуйидагича фикрлари пайдо бўлди:

"Лео яхши йигит. Ҳар бир ота-она ўз уйида шундай фарзанди бўлишини истайди. У жуда тез, яхши ўйнайди, худди рақсга тушаётгандек...

Криштиану Роналдуга келсак, у майдонда командир мисол ҳаракат қилади.

Улардан бири бошқасига қараганда сочига кўпроқ вақт ажратади. Мен эса кимнинг энг яхши эканини айтолмайман. Аммо иккаласининг орасидан Мессини танлаган бўлардим".

Шундан сўнг Роналду тез орада бунга ўз Facebook аккаунтида жавоб берди:

"Блаттернинг видеосидан ФИФА Президентининг менга, менинг клубимга ва менинг ватанимга ҳурмат ва эътибор билан муносабатда эканини яққол пайқаб олиш мумкин. Мана энди менга кўп нарса аъён бўлди.

Жаноб Блаттер, мен сизга ўз севимли футболчиларингиз ва жамоангизнинг кейинги муваффақиятларига ҳам гувоҳ бўла олишингиз учун соғлик ва узоқ умр тилайман".

Футбол дунёсининг икки обрўли вакили ўртасидаги хунук гап-сўзлар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, бунга "қироллик клуби" Президенти Флорентино Перес ҳам аралашди ва Блаттерга мактуб йўллади. ФИФА Президенти ҳам Пересга жавоб мактуби йўллади ва буни "Реал" расмий сайти чоп этди:

"Қадрли президент, бугунги мактубингизнинг мазмуни мени ҳайратда қолдирди.

Биринчидан, тушунтиришни истардимки, жума куни Оксфорд университетида ўтган маросимда мен футболчиларнинг "Олтин тўп"га номзодлиги ва совринни ютиш имкониятларини мутлақо муҳокама қилганим йўқ эди. Ўз чиқишимнинг сўнггида менга Месси ёки Роналдудан қайси бирини танлашим ҳақида сўрашди - шу холос. Буларнинг ҳеч бирининг совринга алоқаси йўқ. Бу билан алоҳида қайд этмоқчиманки, мен учун Роналду ҳам Месси даражасида. Иккаласи ҳам ўзларига яраша машҳур ўйинчилар.

Ўз чиқишим билан бундай вазиятни, бундай қарама-қаршиликни, бундай реакцияни келтириб чиқарганимдан қаттиқ афсусдаман. Бунинг учун кечирим сўрайман.

Мен "Реал"га, унинг ўйинчилари ва мухлисларига нисбатан ҳурматсизлик қилишни мутлақо хоҳламагандим", - дейилади Блаттернинг "Реал" офисига Мадрид вақти билан соат 16:12да етиб келган мактубида.

Қўшимча қилиш жоизки, Перес Мадрид вақти билан соат 12:23да Блаттерга йўллаган мактубида унинг "Криштиану Роналду ва унинг "Олтин тўп"га номзодлиги борасида ҳурматсизлик қилганини" таъкидлаганди.

ФИФА Президентининг ушбу нутқи нафақат Роналду, унинг клуби ва мухлислари томонидан, балки Португалия футбол федерацияси томонидан ҳам салбий муносабатда қарши олинди. Чунончи федерация президенти Фернанду Гомеш AS нашрида чиқиш қилиб воқеа юзасидан ўз фикрларини билдиришни жоиз топди:

"Блаттер Криштиану Роналду ва Португалияга нисбатан ҳурматсизлик қилди. Бизнинг мамлакатимиз футболдаги ҳақиқий шижоат ва зўр ғайрати билан яшаб келмоқда ва жаҳон футболини бошқараётганлардан ҳурмат кўришга лойиқ. Жумладан, терма жамоамиз етакчиси Криштиану Роналду ҳам. У ўз иштиёқи ва профессионаллиги туфайли жаҳондаги минглаб ёшларни футболга қизиқтириб келмоқда", - деди Гомес.

Бундан ташқари ПФФ раҳбари Блаттернинг айнан "Олтин тўп" учун 23 нафар номзоднинг рўйҳати эълон қилинган кунларда бундай деганидан нафратланишини яшириб ўтирмади.

Хулоса чиқариш мумкинки, дунё футболи раҳбари бундан кейин ўз сўзига эътиборлироқ бўлади. Айниқса сўз Криштиану Роналду ва "Реал" ҳақида кетса...

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:24, 30.10.2013.
Ўқилди: 9019 марта.
Фикрлар: 63 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.