Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мираброр Усмонов ЎФФ президенти лавозимига қайта сайланди. Асқар Толибжонов эса ЎФФ вице-президенти лавозимига сайланди

Баҳо:
+-20 | -

Бугун, 10 декабрь соат 10:00да Ўзбекистон футбол федерациясининг йиллик ҳисобот йиғилиши бошланади. Ушбу йиғилиш нафақат йиллик ҳисобот кўринишида бўлади, балки ўз лавозимини топшираётган Мираброр Усмонов учун 8 йиллик фаолияти учун ўзига хос якун бўлади.

Ушбу йиғилиш давомида бир қанча янгиликлар бўлиши кутилмоқда. Мазкур мажлисдан онлайн репортажни эътиборингизга ҳавола қилиб борамиз. Биз билан қолинг.

10:00. Диққат, ЎФФнинг ҳисобот йиғилиши бошланди. ЎФФ бош котиби Сардор Раҳматуллаев сўзга чиқиб, йиғилиш аъзоларидан кун тартибини тасдиқлашни сўради. Айни дақиқаларда ЎФФ фаолиятига оид айрим масалалар кўриб чиқилмоқда.

10:05. Сўз ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга берилди.

"Ассалому алайкум. ЎФФ томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот тайёрлаб, эртароқ футбол оммасига етказдим. Сизлар билан 8 йил давомида бирга ишладик. Бунинг учун барчага миннатдорчилик билдираман. Сизлар мен билан бирга елкама-елка ишламаганингизда, бундай ишларни амалга ошира олмасдик. Шунингдек, республика раҳбарияти бизни қўллаб-қувватламаганида, бир қатор қарор ва ҳужжатлар қабул қилинмаганида, бир нечта стадионларни қура олмасдик, ушбу натижаларга эриша олмасдик.

Ҳали пойдевор йўқлигини, болалар футболни ривожлантиришимиз, керакли инфртаузилмани яратиш кераклигини таъкидлагандим. Ушбу ишларни амалга оширдик. 8 йил давомида Федерация 132 млрд. сўм даромад қилиб, 120 млрд. сўм харажатни амалга оширди.

14та футбол мактаби, 4та футбол академияси, 10та халқаро стадионлар қурилди. Март ойида стадионларнинг сўнггиси — Наманган ва Фарғонадаги стадионлар фойдаланишга топширилди. Сатдионлар юқорида айтилган харажатлар ичига киритилмаган. Стадионлар давлат томонидан қурилди ва уларни қуриш учун жами 500 млн. доллар сарф қилинди.

Энди ЎФФнинг янги раҳбарияти жиддий талабларни қўйишга ҳаққи бор. Ушбу қилинган ишларда футболчиларимиз, ҳакамларимиз, мураббийларимиз давлат томонидан тақдирланишди. Сўнгги йилларда ўсмирлар ва ёшларимиз ЖЧларида эришган ютуқлар менинг кучимга куч қўшиб келди. Биз футбол оиласи аҳил бўлмаганимизда, бундай натижаларга эриша олмасдик. Буларни амалга ошириш осон бўлмади. Кўп танқидларга учрадик. Танқидлардан қўрқиб, ишларни йиғиштириб қўйганимизда, ҳеч нарсага эришмасдик. Мен "Машъал" радиоси орқали "Арена" эшиттиришини тинглаб бордим, мухлисларнинг фикрларини тингладим. Ишқибозларнинг ва журналистларнинг танқид ва талабларини албатта инобатга олдим. Танқид тўхтаб қолиши керак эмас.

Хурсандилик билан сизга айтаманки, ўзбек футболини дунё тан олиб, ҳурмат қила бошлади. Ўзбекистон футболи Осиёда бешинчи ўринда турибди. ЎФФнинг иш услубини Хитой ва Иордания футбол федерациялари ўрганишмоқда. Бизни қўллаб-қувватлаб турган ОФК ва ФИФАга миннатдорчилик билдираман. Лекин уларда ҳам камчиликлар бор. Уларнинг камчиликларини биз тўғрилаб туришимиз керак". 

"Саккиз йил давомида 30 нафар футболчи, мураббий ва ҳакамларимиз давлатимиз томонидан фахрий унвонлар билан тақдирланди. Бундай мукофотлар ҳеч бир соҳада бўлмаган. Мен ўз лавозимимни янги раҳбарга топширар эканман, футболимизнинг келажагига ишонмоқдаман.

Ҳозирда мен миллий олимпия қўмитасига ҳам раислик қиламан. Футбол ҳам мана шу спорт оиласига қўшилиб кетиши керак. 2016 йилги Олимпия ўйинларига футбол бўйича олимпия терма жамоаси ҳам чиқиши керак. Шунда олимпиада  йўлланмалари сони 100дан ошиб кетади", дейди Мираброр Усмонов.

ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ЎФФ фаолиятига яқиндан ёрдам бериб келган қуйидаги шахсларни "Ўзбекистон футбол федерацияси" кўкрак нишони билан тақдирлади:
Файзулла Мақсуджонович Муллажонов — Ўзбекистон Марказий банки раиси;
Акрамов Жасур Анварович — Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари
Зокиров Орифхон Анварович — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими

"Футболдан кетиш осон эмас. Ушбу даргоҳдан кетсам ҳам, футболи ривожи учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман. Менинг омадим бор экан, сўнгги 8 йил давомида шундай аҳил жамоада ишлаш насиб этди. Футболимизнинг келажаги порлоқ. Насиб қилса, 2018 йилга бориб барча терма жамоамиз ўз олдига қўйган барча вазифаларни бажаради. 2018 йилда эса сизлар билан муваффақиятларни нишонлаш насиб этсин", дея ўз нутқини якунлади Мираброр Усмонов.

10:30. Андижон футбол федерацияси вице-президенти сўзга чиқиб, сўнгги 8 йил давомида ЎФФ томонидан амалга оширилган ишлар борасида ЎФФ ва Мираброр Усмонов шаънига илиқ сўзлар айтди.

Ундан кейин эса сўз навбати "Пахтакор" клуби вице-президенти Самвел Бабаянга берилди.
"Барча профессионал футбол клублари номидан ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга миннатдорчилик билдираман. Ўзбек футболи инфратузилмаси ривожланди, стадионлар замонавий кўринишга келтирилди, терма жамоаларимиз юқори натижалар қайд эта бошлади. Миллионлаб мухлисларимизнинг кайфиятлари кўтарилди. Барчаси учун раҳмат. Мираброр Зуфарович, бахтимизга соғ-саломат бўлинг!",

Бухоро футбол федерацияси вице-президенти ҳам футболимизда ривожлантиш кузатилганини мисоллар билан тасдиқлади. Унинг фикрича, Бухорода янги футбол академияси қурилиши бошланган.

10:40. Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжоновга берилди. ЎФФ президенти лавозимига сайлов масаласи.

"Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари, сизларда ЎФФ президентлигига номзод вакиллари бўлса, бизга тавсия қилинг, биз уларни кўриб чиқамиз", деди А.Толибжонов.

Навоий футбол федерацияси вице-президенти сўзга чиқиб, ЎФФ раҳбарияти шаънига илиқ сўзлар айтди ва М.Усмоновга миннатдорчилик билдирди. У ЎФФ президенти лавозимида Мираброр Усмоновнинг ўзини қолиш таклифини билдирди. Наманган футбол федерацияси вице-президенти ҳам худди шу таклифни илгари сурди. 

Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи нутқ сўзлаб, футболнинг ашаддий мухлиси эканини таъкидлади. У ҳам Мираброр Усмонов ЎФФ президенти лавозимида фаолиятини давом эттириш кераклиги тарафдори эканини таъкидлади.

Ўзбек футболи фахрийси Биродар Абдураимов сўзга чиқди. У ҳам футбол фахрийлари номидан Мираброр Усмоновнинг ўз лавозимида қолишини илтимос қилди.

Абдураҳмон Фозилов, Ўзбекистон терма жамоалари фан-клуби бошлиғи:
"Футболга катта хизмат қилган устозларимиз бор. Биз Ўзбекистон терма жамоалари мухлислари клуби билан маслаҳатлашган ҳолда, Мираброр Зуфаровичдан илтимос қиламан, ўзингиз ЎФФ президенти лавозимида қолинг! Биз ҳали ЖЧга чиқамиз, нафақат чиқамиз, балки унинг доимий иштирокчисига айланамиз. Агар ўз лавозимингизда қолмасангиз, мухлислар билан ЎФФ биноси ёнига келиб, баннерлар кўтарамиз, керак бўлса очлик эълон қиламан" (залда кулгу, қарсаклар).

"Ҳукуматимиз раҳбарияти билан ЎФФ лавозимига номзодларни танлаш борасида маслаҳатлашганимизда, улар бизга футбол фахрийлари, футболчилар ва бошқаларнинг фикрини ўрганишни тавсия этишганди. Мана кўриб турганингиздек, бугун барча бир овоздан Мираброр Усмоновнинг номзодини тавсия қилди. Шунинг учун конференция аъзоларидан Мираброр Усмонов номзоди учун овоз беришингизни сўрайман", деди Асқар Толибжонов.

Барча бир овоздан Мираброр Усмоновга овоз берди. Қаршилар йўқ.

11:00. Қайта сайланган Мираброр Усмоновнинг тавсиясига кўра, ЎФФ вице-президенти лавозимларига қуйидагилар сайланишди.
Сардор Раҳматуллаев — ЎФФ биринчи вице-президенти
Файзулла Муллажонов
Адҳамбоев — хавфсизлик масалалари бўйича вице-президенти
Шунингдек, Асқар Толибжонов халқаро фаолият бўйича вице-президент лавозимига сайланди.

ЎФФ Ижроқўмининг янги таркиби сайланди: Равшан Эрматов, Самвел Бабаян, Сардор Раҳматуллаев, Жасур Акромов, Фарҳод Магомедов.

Йиғилиш сўнгида Мираброр Усмоновнинг якуний сўзи қуйидагича бўлди:
"Насиб қилса, 23 декабрь куни яна йиғиламиз, кўришамиз. Ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан. Бунинг учун сизларнинг ҳам ёрдаминглар керак бўлади. Барчангизга соғлик-саломатлик тилайман", деди Мираброр Усмонов.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:44, 10.12.2013.
Ўқилди: 22235 марта.
Фикрлар: 209 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.