Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн 2-2 Австралия
19/11 23:15 Кувайт 1-1 Иордания
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай

Элдор Қосимов: «Голеодорларнинг камлиги - сўнгги йиллардаги оғриқли нуқталаримиздан»

Баҳо:
+ | -

Ўз вақтида мамлакатимизнинг номдор ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этилган Элдор Қосимовни мухлислар яхши эслашса керак. Ўзбек футболига катта қадамлар билан кириб келган Ангреннинг “Семурғ” жамоаси сафида урган голлари билан ишқибозлар ёқимтойига айланган ҳужумчи ўша вақтда миллий терма жамоа мураббийларининг ҳам эътиборини қозона олганди. Ваҳоланки, ҳужумчи 15 ёшига қадар бирор бир футбол мактабида таҳсил олмаган. 2007 йил февраль ойида олинган кучли жароҳат охир-оқибат ҳали 30 ёшни қарши олмаган Қосимовни бутсасини михга илишига сабаб бўлди. Собиқ ҳужумчини айни вақтда нималар билан машғул эканлиги ишқибозларни қизиқтирса керак. Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида биз Элдор Қосимов билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.    

МАЪЛУМОТ УЧУН
ЭЛДОР ҚОСИМОВ
Туғилган санаси: 08.05.1978 йил
Туғилган жойи: Тошкент вилояти, Ангрен тумани Геолог посёлкаси
Биринчи мураббийи: Бекер Зейтуллаев
Амплуаси: ҳужумчи
Ўйнаган жамоалари: “Бўкалик” (1-лига, 1996-1998 йиллар), “Семурғ” (1998-2001 йиллар), “Бухоро” (2001-2003 йиллар), “Ясси Сайрам” (Қозоғистон, 2004 йил), “Ордабаси” (Қозоғистон, 2005 йил), “Бухоро” (2006 йил).
Ўзбекистон миллий терма жамоасида 2та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини бир бор ишғол қилган. 

- Элдор ака, келинг, ҳаммасини бир бошидан бошлайлик. Ўз вақтида ҳимоячиларнинг ҳақиқий “душмани” бўлган Элдор Қосимовнинг миллионлар ўйинига кириб келиши ҳақида гапириб берсангиз.
- Биласизми, менинг болалигим ҳам бошқа болалар сингари кўча чангитиш билан ўтган бўлса-да, 17 ёшимга қадар бирор бир футбол мактабида таҳсил олмаганман. Эслайман, кеч бўлиши билан уйимиз яқинидаги стадионда йиғилиб, тўп тепардик. Ёши неччида бўлишидан қатъий назар, ака-укалар билан 6-7та жамоа тузиб, ярим тунга қадар футбол ўйнардик. Ота-онам билимли бўлишимни исташган. Яъни, футболга қизиқишим юқорилигини сезган ота-онам олдимга бир шарт қўйган: аввал мактаб кейин ўша вақтдаги СПТУ (училище) тамомлаб, дипломли бўлганимдан сўнггина футбол билан мунтазам равишда шуғулланишим мумкин эди. Шу тариқа даставвал мактабни битирдим, сўнг шаҳримиздаги СПТУга ўқишга кирдим. Ўша вақтларда СПТУлар орасида футбол бўйича мусобақа ташкил этилиб туриларди. Шундай турнирларнинг бирида ҳаракатларимни кузатган тажрибали ва таниқли мутахассис Бекер ака Зейтуллаев мени Ангрен шаҳридаги БЎСМга таклиф қилди. Бекер ака, менда қобилият борлигини, яхши ҳужумчи бўлиш учун салоҳиятли эканлигимни таъкидлаганди. Албатта бу таклифдан хурсанд бўлиб, лаббай дея жавоб қайтаргандим. Бу даргоҳда Александр Гейнрих, Илёс Зейтуллаев билан бир гуруҳда шуғулланишни бошладим. Ўша вақтларда Тошкент вилояти иккинчи лига баҳсларида ўринбосарлар мусобақаси ҳам ўтказиларди. Тез орада ўринбосарлар сафидан жой олдим, кетма-кет голлар ура бошлаганим мураббийларнинг эътиборини тортди. Натижада бош жамоага қўшилдим. Тўғри, мунтазам равишда асосий таркибдан жой олганим йўқ, лекин илк мавсумимдаёқ жамоада ўз ўрнимни топганим ютуғим эди. Айтганча, ўринбосарлар мавсумни чемпион сифатида якунлаган эди. 

- Гейнрих, Зейтуллаев сиздан 6 ёш кичиклигини ва бу гуруҳ аъзолари бир неча йиллардан буён бирга шуғулланиб келаётганини инобатга оладиган бўлсак, жамоага тезда киришиб кетишингизни ижобий ҳолат дейиш мумкин. Мухлисларни Саша болалигида қандай бўлгани қизиқтиради. 
- Саша ўша вақтда ҳам қувноқ бўлган. Фақат ҳозиргидек енгил футбол ўйнагани учун майдонда “жёский” ҳаракат қилсак, кўз ёш қилиб юрарди. Сабаби, у қаттиқ (жёский) футбол ўйнамасди. Қолаверса, жароҳат олишдан ҳам қўрқарди. Бизга ҳар қанча илтимос қилса, ҳам илтимосини қондирмасдик, шунинг учун кўз ёши қиларди. 

Ҳақиқатдан ҳам бу гуруҳга қўшилиб кетишим осон кечган. Одатда мактабларда гуруҳнинг эски аъзолари янги болани яқин қабул қилиши қийин. Атайин жароҳат етказишларини ҳам биламан. Лекин менда ундай бўлмаган. Бунинг учун Худога шукр қиламан! Бошқа болаларга ҳам шуни тилайман! Устига-устак, киришимли бўлганим туфайли болалар билан тез чиқишиб кетганман. Энг катта ютуғим, футболчи бўлиш учун иштиёқим ҳаддан ташқари кучли эди. Мураббийнинг ҳеч бир фикрини ва машғулотини ўтказиб юбормасдим. Машғулотларда тинмай ўз устимда ишлардим. Балки ишонмасангиз керак, машғулотларга 7-8 километрдан пиёда келардим.   

- БЎСМдан сўнг профессионал фаолиятингиз бошланди, шундайми?
- Қайсидир маънода ҳа. 1996 йил мени Тошкент вилоятининг Бўка туманида ташкил этилган “Бўкалик” жамоасига таклиф қилишди. Бу жамоа Ўзбекистон чемпионатининг биринчи лигасида иштирок этарди. Шарофиддин ака деган инсон мураббийимиз эди. Мухлисларга таниш Фозил Мусаевнинг дадаси Фахриддин ака билан бир жамоада ўйнардик. Хуллас, “Бўкалик” либосида икки йил тўп сурдим. Жамоа учун биринчи лигада кўплаб голлар урдим.

- Мухлислар сизни “Семурғ”даги ўйинларингиз орқали таниган десак муболаға бўлмайди. Чунки жамоа қисқа вақт ичида олий лига даражасидаги клубга айланганди.
- 1998 йилнинг ёзида клуб раҳбари Юсуф ака Шодиматов мени “Семурғ”га таклиф қилганди. Жамоанинг асосини Тошкент вилоятида туғилган футболчилар ташкил қиларди. Юсуф аканинг асосий мақсади ҳам шу эди. Айтишим керак, клубнинг нолдан ташкил топишида, иккинчи лигадан олий лигага чиқишида Юсуф аканинг хизмати жуда катта. Бу инсон ҳомийлар билан доимий алоқада бўлиб, футболчиларнинг манфаатини ҳимоя қиларди. Жамоа аввалига Оҳангаронда фаолият кўрсатарди, кейин Ангренга кўчирилганди. Мени ҳам ангренлик бўлганим учун чақиришган. Клубдаги уч йиллик фаолиятим давомида 1999 йил биринчи лигада 36та гол билан тўпурар бўлдим. Бир мавсум олий лигада ўйнаб, 12та гол урдим. Минг афсуски, шу йилнинг ўзидаёқ кучлилар сафидан тушиб кетдик.  

- Аҳамиятлиси, “Семурғ”нинг таркибидан юлдуз футболчилар ўрин олмаган бўлса ҳам, ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсатар эдинглар. Айниқса, Ангрендан унча-бунча жамоа очко билан қайта олмасди.
- Сабаби, мураббийларимиз жамоага ўйинчиларни таклиф қилишда умуман адашишмаганди. Ҳар бир чизиқда ўзининг эгалари ҳаракат қиларди. Гарчи таркибимиздан юлдузлар жой олмаган бўлса-да, йигитларнинг барчаси меҳнаткаш эди. Керак бўлса ойлик маош, мукофот пулларимизни олмай, қуруқ раҳматга ҳам виждонан тўп сурганмиз. Пул катта роль ўйнамайди. Футболда пул катта роль ўйнайди, аммо биринчи муаммога айланиб қолмаслиги керак. Боиси, ўз касбингизни юракдан севмасангиз бутун авлодингизга етадиган пул беришмайдими, фойдаси йўқ. Ҳозир футболчилар пул бор жамоага боришади. Оддий мисол, “Локомотив” бу йил ўз таркибини жуда тажрибали ўйинчилар билан тўлдирди, лекин якунда натижага эриша олмади. Биласизми нега? Жамоада ўйин йўқ, мен “темирйўлчилар” иштирокидаги бир нечта учрашувларни ойнаи жаҳон орқали кўрдим, унда кўра, “Олмалиқ” мазмунлироқ ўйин намойиш қилди. Аммо таркибга кўз югуртирсангиз “Локомотив” чемпион бўлишига сўзсиз ишонасиз.

- “Семурғ”даги ўйинларингиз орқали миллий терма жамоа мураббийларининг ҳам эътиборини қозона олгансиз. Бунақаси жуда кам учрайди.
- Тўғри, дастлаб, Виктор Борисов Тошкентда Мўғилистонга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувига таклиф қилган. Учрашув ҳозир “НБУ-Осиё” жамоаси меҳмонларни қабул қиладиган “Ёшлик” стадионида бўлиб ўтганди. Ўшанда иккинчи бўлимда майдонга тушиб, битта гол уришга муваффақ бўлганман. Бундан ташқари, пенальти ҳам ишлаб берганман. Кейин тажрибали мутахассис Павел Садирин Таиланд билан назорат ўйинига чақирган. Лекин бирор марта расмий учрашувларда майдонга тушмаганман. 

- “Семурғ”да салбий томонга ўзгаришлар юз бераётганида сиз “Бухоро”га кўчиб ўтдингиз. Бу ўтиш қандай амалга ошган эди?
- “Бухоро”га мени Усмон Тошев чақирган эди. Жамоа ёзги давралар оралиғида Дукентда ўқув-йиғин машғулотларини олиб борган. Ўша йиғинга мени ҳам таклиф қилишган. Мураббийлар штаби имкониятларимни билгани учун шартнома борасида қийинчиликларга дуч келмаганман. 2003 йилнинг охирига қадар “Бухоро” шарафини ҳимоя қилдим. Бу орада кўплаб голларим билан жамоанинг ғалабаларига ҳиссамни қўшдим. 

- 2004 йилни Қозоғистонда бошладингиз. Ваҳоланки, “Бухоро”даги ишларингиз ёмон кечмаётганди.
- Шундай бўлса-да, клуб раҳбарлари мен билан тузилган шартномани узайтиришни истамади. Оқибатда клуб алмаштирдим. Юртимиз жамоаларидан ҳам таклиф бўлишига қарамай, Қозоғистон томон йўл олдим. Кейинги икки мавсумни қўшни юртда ўтказдим.

- Аслида қўшни юртга бориб қолишингиз қай тариқа амалга ошган?
- Агентим туфайли фаолиятимни Қозоғистон чемпионатида давом эттирганман. 2004 йилни “Ясси Сайрам”да ўтказганман. Бу жамоа таркибининг асосий қисмини ўзбекистонлик футболчилар ташкил қиларди. Дарвозани Олег Горвиц қўриқласа, майдонда Акмал Рисқуллаев, Мухтор Қурбонов, Бахтиёр Қамбаралиев, ака-ука Назаровлар ва мен ҳаракат қилардим. Клубнинг чемпионатни муваффақиятли тарзда бошлаганди. Биринчи даврани 4-поғонада якунлагандик, бироқ танаффусдан сўнг раҳбариятнинг жамоага бўлган эътибори салбий томонга ўзгариб кетди. Натижада мавсумни 12-ўринда тугатганмиз. Адашмасам иккинчи давра учун маош ва мукофот пулларини олмаганмиз. Бундай ҳолатда клубда қола олмасдик. Шунинг учун 2005 йилги мавсумни “Ордабаси”да ўтказдим. Янги жамоамда ҳам ишларим ёмон кечгани йўқ, аммо юртимизни соғингандим, шу туфайли 2006 йил ортга қайтдим. 

- Ўша вақтларда ўзбек-қозоқ футболи орасида қандай фарқ сезгансиз? 
- Юртимизда жамоалар техника ва тактикага асосланган ўйин намойиш қилишади. Қозоғистонда кўпроқ кучга урғу беришади. Балки шунинг учун бўлса керак, дастлабки кунларда ўйинга мослашиб кетишим бироз қийин кечган. Ваҳоланки, менда юқорида айтганимдек, на болалигимда ва клубларда ўйнаб юрган кезларимда услубга мослашиш борасида қийинчилик кузатилмаган. Дарвоқе, айнан шу туфайли ҳам қўшни юртда ўйнаб кетиш ҳамма футболчиларга ҳам насиб қилавермайди.

- Ўзбекистонга қайтганингиздан сўнг яна “Бухоро”дан қўним топдингиз. Икки йил аввал сиз билан шартномани узайтиришни истамаган жамоага бу сафар ким таклиф қилган эди?
- Усмон Тошев. Мен бу мутахассисни мамлакатимизнинг энг кучли мураббийларидан бири деб биламан. Усмон Қудратович Бухорода ажойиб жамоа туза олганди. “Бухоро”га шундай аҳил болалар йиғилган эдики, биз нафақат майдонда, балки майдон ташқарисида ҳам бир-биримизни қўллардик. Менга жамоамизнинг ўйин услуби ҳам, жамоадошларим ҳам ёқарди. Аҳиллигимиз ва майдонда ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаганимиз туфайли ҳаммамизда ўзимизга бўлган ишонч юқори эди. Ишонасизми, майдонда умуман қийналмасдим. Хотиржам ҳаракат қилардим.

- Аммо мавсум якунлангач “Бухоро”ни иккинчи марта тарк этдингиз. 
- Ҳа. 2007 йилнинг февраль ойида “Шўртан”га бориб қўшилдим ва тез орада шартнома имзоладим, бироқ, минг афсуски, амалда бу жамоа фаолиятимдаги сўнгги клуб бўлиб қолди.

- Аччиқ хотира бўлса ҳам бутсаларингизни 29 ёшингизга михга илишингизга сабаб бўлган ўша машъум жароҳат ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Адашмасам “Насаф” ёки “Динамо”га қарши ўртоқлик ўйинида нотўғри йиқилганман. Ўша вақтда эътибор бермаган эканман. Учрашувнинг эртаси куни уйқудан кўзимни очсам, ўрнимда тура олмаяпман. Тезда шифокорларни чақирдим, улар ташхис қўйишди. Маълум бўлишича, умуртқамнинг беш жойи синган экан. Тошкентга келиб яна бир марта шифокорлар кўригидан ўтдим. Кейин беш ой давомида пойтахт вилоятининг Келес шаҳарчасида жойлашган “Темирйўллар” шифохонасида даволандим. Сўнг икки мобайнида юришни ўргандим. 

- Руҳий тушкунликка тушиб қолмаганмисиз?
- Албатта руҳий тушкунликка тушганман. Аввалига шифокорлар индашмаган, кейин билсам бу жароҳатдан сўнг умуман футбол ўйнаб бўлмас экан. Яна майдонга қайтиб ўйнасам бўларди, бироқ иккинчи марта умуртқамдан жароҳат оладиган бўлсам, бутун умрга тўшакка михланиб қолишим мумкин эди. Шунга ўхшаш гапларни эшитганингиздан сўнг, бошқа футбол ўйнай олмаслигингизни билганингиздан кейин қандай қилиб руҳий тушкунликка тушмаслик мумкин? Уят бўлмаса керак, айрим вақтларда йиғлаб ҳам олардим.

- Шундай қийин пайтларда футболчи бўлганингизга афсусланмаганмисиз?
- Йўқ, афсусланмаган. Жароҳат, бу - жароҳат! Ундан ҳеч ким ҳимояланмаган. 

- Жароҳат олган пайтингизда ўйнаган жамоаларингиз сизга ёрдам қўлини чўзганми?
- “Шўртан” ёрдам берган. Ўша вақтда клуб билан шартнома имзолаб бўлган эдим. Шифокорнинг ўзи шифохонага келиб, ойлик ва мукофот пулларимни ташлаб кетарди. Руҳий томондан “синиб” қолмаслигим учун кайфиятимни кўтарарди.

- Ҳозирги кунда қайси футболчилар билан гаплашиб турасиз?
- Дилмурод Назаров, Мухтор Қурбонов, Бахтиёр Қамбаралиев, Александр Шадрин ва Бахтиёр Ашурматов билан алоқам бор.

- Футболчилик фаолиятингизни якунлагач, мураббийликка ўтдингиз.
- 2007 йил Бекер ака ўша вақтда Ангренда жойлаган футболга ихтисосланган мактаб-интернатга мураббий сифатида таклиф қилдилар. Мана олти йилдан бери шу даргоҳда ишлаб келаяпман. Бу орада интернат Ангрендан Янгийўлга кўчди. Мен дастлабки шогирдларимни учирма қилишга ҳам улгурдим. Даставвал 1993 йилда туғилган болаларга устозлим қилгандим, ҳозир 2000 йилда таваллуд топган болалар билан ишлаб келяпман.

- Ортда қолган олти йил давомида мураббий бўлиб нимагадир эришдингизми?
- Бизнинг олдимизга катта-катта вазифалар қўйилмайди. Асосий мақсадимиз болаларни тўғри тарбиялаб, улардан яхши етиштириб чиқаришдир. Қўл остимизга шундай болалар келадики, улар умуман тўп билан муомала қилишни билмайди. Агар ниманидир ўргатсак ҳам бу бизнинг ютуғимиз бўлиши мумкин. Айтишим керакки, қўл остимдаги болалардан хурсандман. Чунки улар кўрсатмаларимизга тўлиқ амал қилиб, анча-бунча нарса ўрганишди. 

- Нега сўнгги йилларда тўпурар ҳужумчиларимиз “йўқолиб” бормоқда?
- Ҳақиқатдан ҳам бу ўзбек футболининг оғриқли нуқталаридан биридир. Ўйлашимча, ҳужумчиларни чиройли тарзда тўп билан таъминлайдиган диспечерлар “йўқолиб” бормоқда. Диспечер ўйинчи ҳужумчини шу тарзда тўп билан таъминлаши керакки, у гол ура олмасликка қийналадиган вазиятга тушиб қолсин. “Семурғ”да ўйнаб юрган кезларимда жамоамиз етакчиси Фарҳод ака Шарипов биз ҳужумчиларни шу тарзда тўп билан таъминларди. Ҳозирги ҳужумчиларимизни тўпни майдон марказидан олиб, дарвозага хавф солишга ҳаракат қилишади. У ярим стадионни босиб ўтгунича ё чарчайди ёки тўпни рақибга олдириб қўяди. 

- Футболчи сифатида ўзбек футболида “портлаш” қилган Элдор Қосимов мураббий бўлиб ҳам мухлисларнинг олқишига сазовор бўла олармикан?
- Бунинг учун биринчи навбатда мураббийлик қилишимга рухсат берадиган тегишли лицензияларни олишим керак. Албатта ҳамма мураббий шогирдларини кучли клубларда тўп суришини истайди, жумладан мен ҳам. Менинг ҳам ўзимга яраша улкан орзуларим бор. Бунинг учун билимларимни янада бойитиб олишим керак. 

- Сўнгги сўз ўрнида...
- Суҳбатимиз охирида имкониятдан фойдаланиб, биринчи мураббийим Бекер ака Зейтуллаевга раҳмат айтаман! Шундай инсоннинг қўлига тушганим учун ҳам футболчи сифатида шу даражага чиқдим. Қолаверса, ангренлик мухлисларга, “Семурғ”ни ўша вақтдаги раҳбари Юсуф ака Шодиматов, Усмон Тошев ҳам миннатдорчилигимни билдираман! Энг катта раҳматни ота-онамга айтаман! Улар мени ҳар доим қўллаб-қувватлаб келганлар. 

Манба: www.arena.uz

 

 

Киритилди: 20:29, 21.12.2013.
Ўқилди: 4967 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.