Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

Истеъфо, сэр!

Баҳо:
+ | -

Мавсум оралиқ маррага етиб улгурмасидан АПЛда 5 нафар бош мураббийга «чиқиш эшиклари» кўрсатилди. Демак, қуйидаги мақолада айнан шу омадсиз устозлар билан танишасиз.

Андре Виллаш-Боаш, «Тоттенхэм»

36 ёшли португалиялик мутахассис жорий мавсумда ўз лавозимидан четлатилган бешинчи мураббий бўлди. Тарқатилган маълумотларга кўра, икки томоннинг розилиги билан ўзаро шартнома бекор қилинди. «Тоттенхэм»нинг ўз майдонида «Ливерпуль»дан шармандали мағлубиятни (0:5) қабул қилиб олиши клуб раҳбариятининг сабр косасини тўлдириб юборди.

«Ливерпуль» ҳайратланарли ўйин намойиш этди. Омадсизлик учун барча масъулиятни ўз зиммамга оламан»,  - деди АВБ ўзининг «шпорлар» бош мураббийи сифатида ўтказган сўнгги матбуот анжуманида. Португалиялик мутахассисни истеъфога чиқариш хусусидаги қарор клуб директорлар кенгашининг навбатдан ташқари кенгашида қабул қилинди. Гарчи АВБ 1899 йилдан бери жамоага устозлик қилган мутахассислар орасида энг юқори кўрсаткични (ғалабалар фоизи - 55,7) қайд этган бўлсада, мутасаддилар у билан хайрлашишни афзал кўришди. Ҳозирда пешқадам («Арсенал»)дан 8 очкога ортда бораётган «Тоттенхэм» 7-ўринни эгаллаб турибди. Лекин ЕЛнинг гуруҳ босқичида 100 фоизлик натижа билан «плей-офф» босқичига чиқди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Англия матбуоти ва букмекерлик идоралари «шпорлар»нинг бош мураббийи лавозимига Фабио Капелло ва Гус Хиддинк номзодларини тахмин қилишмоқда.

Стив Кларк, «Вест Бромвич»

АВБдан 1 кун аввал «Вест Бромвич» бош мураббийи Стив Кларк ҳам шундай қисматга дучор бўлганди. Худди Лондондаги каби, бу жамоа раҳбарлари ҳам унга 2013 йилдаги «чиқиш эшиклари»ни кўрсатишди. Мутасаддиларнинг таъкидлашларича, йирик трансфер харажатларига қарамасдан, жамоа жорий йилдаги 34та учрашувдан 7тасида ғалаба қозонган. Кларкнинг истеъфога чиқарилиши унинг жамоаси «Кардифф»га имкониятни бой берганидан кейин юз берди (0:1). Ҳозирда «ВБА» 15 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг 16-поғонасида бормоқда. Янги бош мураббий аниқлагунга қадар жамоани Кларкнинг ёрдамчиси Кит Даунинг ўзи бошқариб туради.

Мартин Йоль, «Фулхэм»

«Вест Хэм»дан 0:3 ҳисобида мағлубиятга учрагач, «Фулхэм»нинг мағлубиятлар серияси 5тага етди. Эртасига клубнинг расмий сайти Мартин Йолнинг истеъфосини эълон қилди. Айни пайтда жамоа 13 очко билан 19-ўринда бормоқда. 57 ёшли голландиялик мутахассис ўрнини яқиндан бошлаб ҳамкорлик қилиб келаётган Рене Мёленстен эгаллади. Бу мураббий аввалроқ «Анжи»да фаолият юритганди.

Иан Холлоэй, «Кристал Пэлас»

23 октябрь куни Лондоннинг яна бир жамоаси - «Кристал Пэлас» ҳам бош мураббийсиз қолди. Бу воқеа жамоа «Фулхэм»га йирик ҳисобда (1:4) имкониятни бой берганидан кейин 2 кун ўтгач, рўй берди. Ана шу мағлубият «Пэлас»ни 19-ўринга тушириб юборди. Қизиғи шундаки, Холлоуэй ўтган йилнинг ноябрь ойида жамоани қабул қилиб олган ва бир йилдан озроқ вақт ичида элитага олиб чиққанди. Бироқ АПЛда мураббийнинг омади чопмади: дастлабки 8та турда унинг шогирдлари атиги бир марта ғалаба нашидасини суришди. Натижада «Пэлас»га 50 ёшли Тони Пьюлис бош мураббий этиб тайинланди. Ваҳоланки, Британия матбуоти бу лавозимга ҳозирда Москванинг «Динамо»сига устозлик қилаётган руминиялик Дан Петрескунинг келишини тахмин қилаётганди.

Паоло Ди Канио, «Сандерленд»

Бу мутахассис Англияда бир йилдан озроқ фаолият юритди. Ўтган мавсумнинг якуний босқичида «Сандерленд» қониқарли тўп сурган бўлса-да, янги мавсум ўта омадсиз бошланди. Дастлабки, 5та беллашувда Ди Канио шогирдлари атиги 1 очкога эга бўлишди. Шундан кейин италиялик мутахассиснинг жавобини беришди. «ВБА» майдонида қайд этилган йирик мағлубият (0:3) Паолонинг «Сандерленд» билан ўтказган сўнгги учрашуви бўлди.

«Паоло Ди Канио ҳеч қанақа футбол мураббийи эмас, лўттибознинг ўзи! Мавсумнинг дастлабки ҳафталарида унинг қайд этган кўрсаткичлари буни яққол исботлаб турибди. Алам қиладиган жойи шундаки, ана шу тирранча жамоага келиши билан футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги талаб даражасида эмас, деб хулоса чиқарди. Наҳотки, менга «тош отиш» учун жўялироқ сабаб топилмаган бўлса? Агар сиз менинг «Астон Вилла»мни лоақал 1 марта кўрган бўлсангиз, Ди Канионинг лўттибоз эканлигига амин бўласиз. Ахир мен доимо ўз шогирдларимнинг жисмоний тайёргарлигидан фахрланиб юрганман», - деди Паолодан аввал «Сандерленд»га устозлик қилган Мартин О`Нил.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:37, 25.12.2013.
Ўқилди: 4918 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.