Аҳмаджон Мусаевнинг топилмаларидан бири бўлган Диёржон Туропов учун 2013 йил анча омадли келди. Ёш бўлишига қарамасдан “Олмалиқ”нинг захира ўриндиғига “михланиб” қолмаган футболчи Туркиядаги жаҳон чемпионатида янада “порлаб” кетди. Аввалига Аҳмаджон Мусаев Туроповни нега таркибга қўшганига кўпчилик ажабланганди, аммо Диёржон бош мураббийнинг ишончини оқлаб, мундиалда ўзини кўрсатди ва асосий таркибда тўп суришга лойиқ эканлигини исботлади.
Диёржон жиззахлик футбол ихлосмандларига яхши таниш бўлган Беҳзод Абдумўминовнинг укасидир. Биз ўтган ҳафта футболчи билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.
- Диёржон, даставвал, одатий савол билан мурожаат қиламан. Футболга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Миллионлар ўйинига болалигимдан меҳрим бошқача. Чунки мен спортчилар оиласида туғилганман. Дадам ўз вақтида футбол ўйнаган. Кейин акам профессионал футболчи бўлиб етишди. Акамга кўп ҳавас қилганман. “Сўғдиёна”да ўйнаб юрган кезларида ҳамма ўйинларни бевосита стадионда томоша қилардим. Қолаверса, дадам ҳам мени мунтазам равишда футболга олиб борардилар. Уйимиз стадионнинг орқасида бўлгани сабабли, деярли ҳар куним стадионда ўтарди.
- Миллионлар ўйинининг илк сабоқларини қаерда олгансиз?
- Ғаллаоролдаги футбол мактабида. Бу даргоҳга дадам етаклаб келганлар. Мактабда 4 йил таҳсил олдим. Кейин Ғаллаорол туманининг вилоят иккинчи лигасида иштирок этадиган жамоасида икки йил ўйнадим. Сўнг “Ғаллаорол-Автомобилчи” сафида 1-лигада тўп тепдим. 2012 йил эса, “Олмалиқ” ўйинчига айландим.
- Аслида “Олмалиқ”қа келиб қолишингиз қандай содир бўлган?
- Янги мавсум арафасида жамоага кўрикдан ўтиш учун келгандим. Ҳаракатларим мураббийлар штабига манзур келиб, клубда қолдим ва ҳозиргача фаолиятимни давом эттиряпман. 2012 йил ўринбосарлар сафида ўйнадим. 2013 йилдан бошлаб, асосий таркибдан жой олиб келяпман.
- Диёржон, ростини айтинг, 2013 йил сиз учун бу даражада омадли келишини кутганмидингиз?
- Албатта кутмагандим. Лекин Худога шукр, ҳаммаси мен учун омадли келди.
- Ҳозирги омадни ушлаб қолиш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?
- Инсон аввал қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолиши лозим.
- Масалан, нималарни ўзгартирмаслик керак?
- Айримлар мухлисларга танила бошлаганидан сўнг, ўзгариб қолишади. Юриш-туришида, ишга бўлган муносабатида ўзгаришлар кузатилади. Аслида ундай бўлмаслиги керак. Танилиш учун машғулотларда қандай ишлаган бўлса, шу тартибда давом этиши шарт. Акс ҳолда ўз-ўзидан унинг ўйинида пасайиш кузатилади.
- Туркиядаги жаҳон чемпионатига қадар халқаро мусобақаларда иштирок этмагансиз. Мундиалга боришингизни билганингизда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
- Ҳамма каби ҳаяжонланганман. Бундан бошқача бўлишим ҳам мумкин эмас, лекин биринчи учрашувдан кейиноқ ўзимни қўлга олганман. Сабаби, илк учрашувга кўп нарса боғлиқ бўлади. Шундай баҳсларга ўзингизни руҳан тайёрлай олсангиз беллашув давомида муаммога дуч келмайсиз. Энг муҳими, мундиалдаги илк ўйиним омадли чиқди.
- Жаҳон чемпионатидаги ишончли ўйинларингиздан кейин сизга таклифлар бўлгандир?
- (кулиб) Бўлди, аммо қайси жамоалардан чақирувлар бўлганлиги сир.
- “Олмалиқ” тузган шартномангиз қачон ўз кучини йўқотади?
- Яна бир мавсум ҳуқуқий жиҳатдан “Олмалиқ”қа тегишлиман.
- Кўп вақтингизни терма жамоада ўтказишингиз клубдаги фаолиятингизга қандай таъсир қилади?
- Терма жамоада тўп суриш тажрибамни ошишига хизмат қилади. Айниқса, халқаро учрашувлардаги “дарснинг таъми” бошқача бўлади. Бундан ташқари, терма жамоа либоси футболчига катта масъулият юклайди. Боиси, бу ерда Ватан ва халқ шаъни учун тўп сурасиз.
- Энди ёшлар терма жамоаси ҳақида гаплашсак. Осиё чемпионатидан аввал қандай фикрдасиз?
- Тайёргарлик яхши бўлди, деб ўйлайман. Мусобақага қадар Тошкентда иккита йиғин ўтказдик. Машғулотларда зўр бериб ишладик. Футболчилар бир-бири билан дўстона муносабат. Қисқаси, ҳаммаси жойида.
- Туркиядаги жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоа сафига катталар ҳам қўшилганига қандай муносабатдасиз?
- Бу қарор тўғри деб ўйлайман. Сабаби, рақобат янада ошади. Бундан ташқари, акаларимиз ўз клубларининг асосий таркибида тўп суришгани боис, ўйин амалиёти юқори.
- Лекин бу майдонда бир-бирларингни тушунишларига салбий таъсир қилиши ҳам мумкин?
- Йўқ, нега энди? Бизда ҳаммаси жойида. Тажрибали акаларимиз билан янада тезроқ тил топишиб оляпмиз.
- Осиё чемпионатидан нималар кутяпсиз?
- Жамоадошларим билан яхши ўйин кўрсатиб, медаллар учун курашишни, камида яримфинал ёки финалга чиқишни умид қиляпмиз.
- Бу таркиб билан кўзланган мақсадга эришса бўладими?
- Албатта. Гарчи иккита йиғин ўтказган бўлсак-да, бу таркиб ва тайёргарлик билан Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашса бўлади. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам аслида шу.
- Рақиблар ҳақида маълумотга эгамисиз?
- Тўғриси, Саудия Арабистонини умуман билмайман. Хитой ҳақида деярли тасаввурга эга эмасман. Ироқни жаҳон чемпионатидаги ўйинлари кузатдим. Агар улар таркибга 1993 йилда туғилган болаларни ҳам жалб қилган бўлса, мазкур терма жамоа жиддий рақибга айланади. Аммо футболда ютқазмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Ғалаба қозонмоқчи бўлган жамоа майдонга чиқиб, ўз ўйинини кўрсатиши керак. Барчаси учрашувга қандай кайфиятда чиқишга боғлиқ. Қолгани инсоннинг ўзини қўлида.
- Гуруҳдан чиқа олмай қолишимиз ҳам мумкинми?
- Нега энди? Гуруҳдан чиқишга ҳаракат қиламиз, бунга ишонамиз ҳам. Лекин ҳаммаси омадга боғлиқ. футболда омад муҳим роль ўйнади.
- Шуҳрат Мақсудов билан ишлаш қийин эмасми?
- Йўқ. Ҳар қандай мураббий бизга кўрсатма беради. Футболчининг вазифаси кўрсатмаларни тўлиқ бажариш.
- Осиё чемпионатидан олдин ҳаяжонланяпсизми?
- Бундан аввал Жаҳон чемпионатида ўйнаганим боис ҳаяжон йўқ.
Фурқатбек Нишонов суҳбатлашди.