Тенг кучли дея эътироф этилаётган жуфтлик — "Милан" ва "Атлетико" жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳозирги кунда тактик ва руҳий жиҳатдан биорз кучлироқ бўлган мадридликлар ғалаба қозонишди. Натижада кеча ва бугун бўлиб ўтган ЕЧЛ 1/8 финалида меҳмонлар ғалабаси анъанаси давом этди.
Ўйинни "Атлетико" анча шиддатли бошлаган бўлса-да, Зеедорф шогирдлари аста-секин ташаббусни ўзлари томон оғдириб, қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Масалан, Каканинг кучли зарбасини Куртуа қайтарган бўлса, Андрев Поли бош билан зарба берганидан сўнг эса тўп аввал Тибо қўлига, кейин эса дарвоза устунига тегиб қайтди. Бўлим охирларида Кака ва Балотелли зарбаларига эса аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлимда эса "Милан" ўз ўйинини йўқотиб қўйди. "Сан-Сиро" мезбонлари ҳужум қилиш ўрнига меҳмонлар ҳужумларини бузиш билан машғул бўлишди. Натижада жазоланишди. Ўйин тугашига 7 дақиқа қолганида бурчакдан етказилган тўп Абатенинг бошига тегиб, нариги бурчакда турган Диего Коста томон борди. У эса ҳеч қандай қаршиликсиз бош билан тўпни дарвозага йўллади.
Қолган дақиқаларда ҳам "россонери" деярли ҳеч нарса қила олишмади. Энди уларни Мадридда янада қийинроқ жавоб баҳси кутиб турибди.
ЕЧЛ, 1/8 финал
"Милан" (Италия) – "Атлетико" (Испания) 0:1 (0:0)
Гол: 0:1 – 83 Коста.
"Милан": Аббьяти, Де Шильо (Абате, 26), Бонера, Рами, Эмануэлсон, Эссьен, Н. де Йонг, Поли (Констан, 85), Кака, Таарабт, Балотелли (Паццини, 78).
"Атлетико": Куртуа, Хуанфран, Миранда, Годин, Инсуа, М. Суарес, Габи, Туран (К. Родригес, 74), Коке, Коста, Р. Гарсия (Адриан, 80).
Огоҳлантиришлар: Инсуа (20), М. Суарес (41), Абате (44), Бонера (61), Коста (69), Рами (90), Адриан (90).