ОЧЛ "В" гуруҳидан ўрин олган 4-тур баҳсида "Ал-Жаиш" ўз майдонида "Ал-Фатҳ"ни мағлуб этди (2:0) ва 90 фоизга нимчорак финал масаласини ҳал қилди. Энди "Фулад" ва "Ал-Жаиш" ҳисобида 8тадан, "Бунёдкор" ва "Ал-Фатҳ"да эса 2тадан очко мавжуд.
"Бунёдкор" кейинги турни "Ал-Фатҳ"га қарши Тошкентда ўтказса, гуруҳ етакчилари ўзаро Эронда тўқнаш келишади. "Қалдирғочлар" плей-оффга чиқиш учун назарий имкониятлар сақланиб қолган. Аввало Аҳфазда бўладиган ўйинда қатарликлар мағлубиятга учраши лозим. Дуранг ёки "Ал-Жаиш"нинг ғалабаси "Бунёдкор"ни 1/8 финал йўлланмасидан тўла-тўкис маҳрум қилади. Боиси, вакилларимиз ўзаро ўйинлар натижасига кўра, "Фулад"дан ҳеч қачон ўтиб кета олмайдилар.
Демак, "Фулад" доҳаликларни мағлуб этсаю, "Бунёдкор" ҳам 5-тур баҳсини ўз фойдасига ҳал қилса, "Ал-Жаиш" билан ўртадаги фарқни 3 очкога қисқартиради. Сўнгги турда Қосимов ўз жамоасини Доҳага бошлаб боради. "Қалдирғочлар" Тошкентдаги ўйинда битта тўп фарқи билан ютқазишганини инобатга олсак, "Ал-Жаиш" билан бўладиган ўйинда 2та тўп фарқи билан ютишлари шарт бўлади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам "Бунёдкор" қолган 2та ўйинда 6 очко учун курашиши шарт. Шунда Ўзбекистон ОФКнинг коэффициентлар жадвали Ғарб минтақасида 4-ўриндан тушиб (3-4-ўринларга ОЧЛ-2015 учун "2+2" кўринишида жой берилади) кетмаслик имконияти юзага келади. Акс ҳолда Қатар ва БАА биздан ўтиб кетишади ва биз яна "1+2"га эга бўламиз, холос.
Қосимов жамоаси жуда салбий натижалари орқали нафақат ўзбек футболи шаънини ерга туширмоқда, балки бизни ОЧЛ йўлланмаларидан ҳам маҳрум қилмоқда. Ўз айбини "ювиш" учун эса уларнинг ихтиёрида 2та ўйин бор.