Эътиборингизга "Локомотив" (Москва) ҳимоячиси, ўзбекистонлик Виталий ДЕНИСОВнинг Россия оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсини қисқартирилган ҳолда ҳавола этамиз.
— “Локомотив”га келганингизга бир йилдан ошди. Ҳамма нарсага кўникиб улгурдингизми?
— Клубга келгунимга қадар Дима Тарасов, Рома Шишкин, Денис Глушаков сингари бир қанча ўйинчилар билан таниш эдим. Жамоага мослашиш аста-секинлик билан бўлди ва мен ҳозир ўзимни “Локомотив”нинг тўлақонли аъзосидай сезяпман.
— Ўтган йилги мавсумдаги омадсиз “Локомотив” билан бу йилги пешқадам “Локо”нинг фарқи нимада?
— Жамоа ўша-ўша. Янги бош мураббий кўп нарсага ўзгартириш киритди, биз ҳам ўтган йили нима бўлганини англаган ҳолда тубдан ўзгардик.
— Виталий Денисовнинг ўзи қай даражада ўзгарди?
— Мен ўзгармадим. Ўйин схемам эса бироз ўзгарди. Леонид Кучукнинг келиши билан "Локомотив" қанотларни фойдаланган ҳолда ҳужумкор ўйин кўрсата бошлади, шунинг учун, мен ҳам кўпроқ ҳужумга эътибор қаратяпман.
— Лигада "Локомотив" энг кучли таркибга эга деган гап-сўзларга қўшиласизми?
— Ҳа. Бу селекциянинг хизмати. Ҳар бир чизиқда ўйиндан ўйинга савияси юқорилигини исботлаб келаётган энг яхши футболчилар йиғилган.
— “Спартак” билан ўйинда (0:0) ғалаба қозониш учун “Локомотив”га нима халақит берди?
— Баъзан шундай ҳам бўлиб туради. Биз юз фоизли гол урадиган вазиятлардан фойдалана олмадик.
— Огоҳлантириш олганингизга қарамай биринчи бўлимнинг охирги дақиқаларида Озбилисга қарши қўпол ўйнадингиз. Ҳакам майдондан четлатиши мумкин, деган ўй бўлмадими?
— Бўлди. Ҳакам менга иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, майдондан чиқариб юбориши мумкин эди. Уларнинг ҳаракатларини муҳокама қилгим келмайди. Аммо ўша вазиятдан бир неча дақиқа олдин Озбилис ўйинчимизни қўли билан тўхтатиб, ҳужумимизни қайтарганида огоҳлантирмаган эди. Ҳакам буни эслаб, унга ҳам менга ҳам карточка кўрсатмади, деб ўйлайман.
— “Спартак” билан ўйиндан сўнг Леонид Кучук турнир жадвалини кузатмаслигини айтганди. Сиз "Локомотив" рақибларини кузатиб борасизми?
— Фақат натижаларни билиб оламан. Агар иложи бўлса, телевизордан биронтасининг ўйинини кузатишим мумкин. Менимча, у ёки бу жамоанинг қандай ўйнашига эътибор қаратишда мантиқ йўқ. Бугун у зўр ўйин намойиш этиб, ғалаба қозониши, бошқа сафар эса ютқазиши мумкин. Аввало, мураббийнинг топшириқларини бажариб, “Локомотив”нинг аввал қандай ўйин намойиш этган бўлса, шу ўйинни кўрсатишга ҳаракат қилиш керак.
— Леонид Кучукни бир сўз билан таърифлаб берсангиз.
— Талабчан.
— Ўзбекистон терма жамоасида ўйнайсиз. Россия терма жамоасига чақириши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
— Мен Ўзбекистонда туғилганман, ўша ерда футбол ўйнашни бошладим. Терма жамоадан таклиф тушди мен қабул қилдим. Тўғрисини айтсам, бошқа давлат терма жамоасида ўйнашни хаёлимга ҳам келтирмаганман.
— Сизнинг православ оилангиз учун Ўзбекистонда яшаш қулаймиди?
— Албатта. Қизил билан белгилаб қўйинг: Бизда умуман диний, миллий ёки бошқа масалаларда ҳеч қандай муаммо бўлмаган.