Миллий терма жамоамиз мамлакатимизнинг футболи эртасини қай даражада бўлишини белгилаб бораётгани ва бу борада олиб борилаётган ишларнинг самарасини ўзида намоён этаётгани барчамизга маълум.
ЎФФда Миллий терма жамоани мураббийлар штаби борасида амалга оширган охирги ишлари, яъни Миржалол Қосимовни “Бунёдкор” жамоасидан олиб, фақат миллий терма жамоада фаолият олиб бориши масаласида жуда тўғри қарор қабул қилинганлигини айтиб ўтмоқчиман. Ушбу қарорга яна қўшимча тарзда қуйидаги таклифни киритмоқчиман:
Миллий терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовга ёрдамчи сифатида Рауф Инилеев ва Вадим Абрамовларни терма жамоа мураббийлар штабига жалб этиш лозим деб ҳисоблайман. Бу икки тажрибали мутахасисларнинг жалб этилиши терма жамоа борасида М.Қосимов томонидан йўл қўйилаётган баъзи камчиликларни бартараф этишда, миллий терма жамоага таклиф этиладиган футболчилар танловини амалга оширишдаги қарорнинг мукаммал ўрганиб чиқилишида ва улар ўртасида рақобатни кескин кучайтиришда, терма жамоа ўйинларини тактик ва жисмоний жиҳатдан чуқур таҳлил қилишда, рақиб жамоаларни ўрганиб чиқишда жуда қўл келади, деб ўйлайман.
Бундан ташқари, клубларимиз футболчилари ўртасида ҳам миллий терма жамоага кириш борасида ҳалол рақобат муҳити шаклланишида ва ҳар бир жамоада футболчилар ўз устиларида кўпроқ ишлашларига ҳамда шу орқали чемпионатимизнинг тезлик билан кучайишига туртки бўлади деб ўйлайман.
Юқоридагиларни ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу мутахасисларни жалб этиш масаласи миллий терма жамоа учун фақат ижобий ҳолат эканлиги ва уларни жалб этиш ЎФФ томонидан ортиқча муаммоларсиз амалга ошириш имкони борлигини ҳисобга олиб, Сиздан ушбу хатда кўрсатилган таклифларни УФФ ва ТЖМ раҳбариятига етказишингизни сўрайман.
Ҳурмат билан,
Миллий терма жамоа ашаддий мухлиси ва
собиқ футболчи Жамшид Бобоқулов