Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

«Атлетико» «Барса»ни ЕЧЛдан чиқариб юборди!

Баҳо:
+ | -

"Атлетико" ўз тарихида биринчи марта Европа чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқмоқда. Бу ишни Диего Симеоне Диего Коста ва Арда Туронсиз амалга оширди.

Ҳадеб бир хил услубда ўйнайвериш баъзида "Барселона"нинг зарарига ишлаши мумкинлигини каталонияликлар мураббийлар штаби ва раҳбарияти тушуниб етган бўлса ажабмас. Ўйиндан олдин "Атлетико" устози рақибининг ўз услубида ўйнашини аниқ биларди ва буни таъкидлаб ўтганди. Буни билган ҳолда ўйинга мос тактика, услуб ва стратегия танлади.

Симеоне шогирдларининг ҳар бир ўйинда максимал куч билан ўйнашини таъминлай олади. Футболчида иштиёқ кучли бўлдими, демак, у рақибга нисбатан бироз тезроқ югуради, тезроқ фикрлайди ва тезроқ қарор чиқаради. Натижада мураббий томонидан аввалдан чизиб берилган схемалару, ҳисоб-китоблар ўз ишини қилади.

"Барса" ўз ўйин ритмига кириб олса, уни тўхтатиб қолиш қийин кечишини Симеоне биларди. Шу боис, каталонияликлар ҳали "Висенте Кальдерон"га мослашиб улгурмасидан "Атлетико" рақиб устига "юриш" қилди ва илк "ҳамла"даёқ рақибнинг курагини ерга теккизди. Мадридликлар ҳар бир чизиқда охиригача ҳаракат қилишдики, тўп дарвоза устуни ёки тўсинига тегиб қайтса ҳам (бундай ҳолат 3 марта такрорланди) футболчилар бошини чангаллашмади, аксинча, тўп дарвозага кириб кетмагунича дарвоза томон тепаверишди. Коке 5-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Шундан кейин бугун қора рангда ўйнаган "кўк-анорранглилар"ни бутунлай нокаут қилиш мақсадида навбатдаги зарбалар серияси амалга оширилди. Фақат омад туфайли тўп Пинто дарвозасига кирмади. Адолат юзасидан айтиш керак, биринчи голда Хосе Пинтонинг айби йўқ эди ва у яна жуда кўп марта ўз жамоасини голлардан қутқарди.

Дарвоқе, мезбонлар штурмга берилиб кетишган пайтда, Месси уларни жазолаши мумкин эди. Алвес етказган тўпни Лео бош билан дарвоза томон бурди. Бироқ зарба бир неча сантиметрга ноаниқ чиқди. Биринчи бўлимда "Барселона" айтарли хавфли вазият ярата олмади.

Иккинчи бўлимни Мартино шогирдлари катта иштиёқ билан бошлашди. Тайм бошидаги вазиятга бир оғиз сўз билан "тўп дарвозага киришни истамади", дея таъриф бериш мумкин. Куртуа ҳам бирга-бир вазиятда Неймарнинг оёғи остида тўпни қайтариб қолганини таъкидлаш лозим.

"Барса" яратган вазиятларни бемалол санаб чиқиш мумкин. Масалан, Хави ва Неймар бир мартадан вазиятларни голга айлантира олишмади. Аммо "Атлетико"нинг барча ҳужумларини санаб чиқсак, шарҳимиз анча узун бўлиб кетади. Юқорида Пинто яхши ўйнаганини таъкидлаб ўтдик. Балки, Диего Коста майдонга тушганида бунчалик кўп имкониятлардан ҳеч бўлмаганда 1-2тасини голга айлантириши мумкин эди. Вилья, Габи, Диего, Раул Гарсия зарба йўллашди. Аммо фақатгина зарба йўллашнинг ўзи камлик қилди. Диего Коста каби (биринчи ўйинда) қайтариб бўлмас зарбаларни йўллаш лозим эди.

Бугун "Атлетико"га ажойиб ўйин кўрсатди ва ҳақли ғалабани қўлга киритди. Симеоне шундай ўйин кўрсатишда давом этса, ярим финалда ҳар қандай жамоани, содда қилиб айтганда, яхшигина терлатади. "Барселона" эса энди 16 апрель куни бўладиган Испания кубоги ва Ла-лига ўйинларига эътиборни қаратади.

Европа чемпионлар лигаси, чорак финал, жавоб ўйини
"Атлетико" (Испания) – "Барселона" (Испания) - 1:0 (1:0)
Гол: 1:0 – 5 Коке.
"Атлетико": Куртуа, Хуанфран, Миранда, Годин, Филипе Луис, Тиагу, Габи, Коке, Адриан (Диего, 62), Р. Гарсия, Вилья (К. Родригес, 79).
"Барселона": Хосе Пинто, Дани Алвес, Бартра, Маскерано, Альба, Хави, Бускетс, Иньеста (Педро, 72), Фабрегас (Санчес, 61), Месси, Неймар.
Огоҳлантиришлар: Бускетс (18), Коке (90), Маскерано (90), Дани Алвес (90).
Биринчи ўйин: 1:1

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 01:36, 10.04.2014.
Ўқилди: 8048 марта.
Фикрлар: 178 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.