"Барселона" кейинги мавсумни янги бош мураббий билан бошлашини бугун ўйин исботлаб берди. Херардони истеъфога чиқариш ҳақида "Барселона" раҳбарияти ўзи учун қарор қабул қилиб бўлган бўлса ажаб эмас.
"Гранада" каби жамоаларни каталонияликлар Гвардиола ёки Виланова пайтида захира таркиби билан ҳам енга олишарди. Энди эса улар Месси ва Неймар билан ҳам бу ишни уддалай олишмаяпти. Пике ва Вальдеснинг жароҳати "кўк-анорранглилар" мудофаа чизиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирча жамоа таркибида ушбу футболчиларнинг ўрнини боса оладиганлар йўқ. Шу боис, Херардо Мартино марказий ҳимояда Серхио Бускетсни синаб кўришга қарор қилди. Бускетс ва Маскерано ўртасида тушунмовчилик туфайли каталонияликлар 16-дақиқа ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Браҳимий марказда Мартин Монтойя билан тўп учун кураш олиб борди ва унга ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда, дарвозани ишғол қилди.
"Барселона" ҳисобни тенглаштириш мақсадида олдинга интилди. Биринчи бўлимда Фабрегас имкониятдан фойдалана олмади. Иккинчи бўлимда меҳмонлар рақиб дарвозаси томон босимни янада оширишди. Фойдаланилмаётган вазиятлар учун Мартино фақат бошини чангаллади холос. Баъзи вазиятларда мезбонларни голдан Орестис Карнезис қутқарган бўлса, баъзан "Барса"га омад етишмади.
Шу тариқа, "Барселона" Испания кубоги финали олдидан ("Реал"га қарши) чемпионат аутсайдерига имкониятни бой берди. Шунингдек, чемпионлик йўлидаги имкониятларини пасайтириб юборди.
Испания чемпионати, 33-тур
Гранада – Барселона 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: Браҳимий (16).
Гранада: Карнезис, Ньом, Илори, Мурильо (Майнц, 90), Фулькье, Итурра, Ф.Рико, Ресио, Пити (Коефф, 73), Эль-Араби, Браими (Браво, 65).
Барселона: Хосе Пинто, Монтойя, Бускетс (Санчес, 74), Маскерано, Адриано (Альба, 68), А.Сонг, Фабрегас, Иньеста, Педро, Месси, Неймар.
Огоҳлантиришлар: Неймар (45), Месси (65), Бускетс (66).