Хабар берганимиздек, профессионал бокснинг енгил вазн тоифасида қитъалараро WBA чемпионлик камари соҳиби Баҳодир Мамажонов икки йилдирки, АҚШда ўз жангларини ўтказиб келмоқда. У сўнгги жангини ўтган ой ўтказиб, америкалик Майк Туттни иккинчи раунддаёқ нокаутга учратганди.
Майкнинг ҳисобида ушбу жангга қадар 10 та ғалаба ва 2 та мағлубият бор эди. Мамажонов профи рингдаги 16 та ғалабасидан 11 тасини муддатидан аввал нокаут билан якунлагани диққатга сазовор, албатта.
Маълумки, ҳамюртимиз афсонавий промоутер Дон Кинг билан ишлаб келаётганди. Баҳодирнинг бизга маълум қилишича, қария Дон билан шартнома бекор қилинган. Бунга Кингнинг ваъдасида турмагани сабаб бўлган. Бу ҳақда Баҳодир Мамажонов билан уюштирган суҳбатимиз давомида батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
— Биз энди Дон Кинг билан ишламаймиз, - дея сўз бошлади боксчимиз. – Яхшилик билан, судлашмасдан ўртани очиқ қилдик. Келажакда яна қайтиб келишишимиз мумкин, деган маънода. Дон муаммосиз кетишимизга рози бўлди.
— Нима учун ўртага совуқчилик тушди?
— Очиғи, бизга ёмонлик қилмади. Фақат биз истаган чемпионлик жангини Ўзбекистонда ташкил этиб бера олмади. Икки томонлама имзоланган шартномада айнан шундай келишув бор эди. Биз унга имконият бердик, Дон ҳам қўлидан келганича ҳаракат қилди. Лекин бу ҳаракатлар зое кетди. Ҳозир менга иштирокимдаги жанг Россияда ўтказилиши мумкинлигини айтишди. Мен эса мураббий билан келишган ҳолда бунга рози бўлмадим. Дон билан шартнома имзолаганимизга мана бир йил бўлди. Лекин ҳалигача шартномада кўрсатилган жангдан дарак йўқ. Шу боис, келишувни бекор қилишга ва бошқа промоутерларга имкон беришга қарор қилдик. Айни пайтда бокс оламининг кўзга кўринган бир неча промоутерларидан аниқ таклифлар бор. Ҳамма таклифларни ўрганиб чиқиб, ўзимиз учун мақбул вариантда тўхтаймиз. Бу келишув тез орада амалга ошади.
— Демак, навбатдаги жангингиз ҳам янги промоутер билан шартнома имзоланганидан сўнг бўлиб ўтади, шундайми?
— Ҳа, худди шундай. Аввал промоутер масаласини ҳал қилиб олишимиз керак. Кейин рақиб билан музокаралар олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, яна ҳаммасини бошидан бошлаймиз. Насиб қилса, шу йилнинг ўзида кучли рақиблар билан яхши жанг ўтказиш режамизда бор.
— Баҳодир, Брэдли – Пакьяо жангини кўрдингизми? Таассуротлар қандай?
— Албатта, орзиқиб кутилган бу жангни бевосита Лас-Вегасдаги муҳташам “MGM Grand” кўнгилочар мажмуасида томоша қилдик. Пакьяо яхши жанг олиб борди. Менимча, Брэдли кучини жангнинг илк раундларида сарфлаб қўйди. Жангнинг охирига бориб эса чарчаб қолди. Лекин Пакьяо олдингидек эмас. Ҳозирги спорт формасида шахсан мен ҳам Мэнни Пакьяони мағлубиятга учратган бўлардим.
— Кўпчилик мутахассислар жанг натижаси юзасидан шубҳага боряпти. Уларнинг фикрича, бу икки боксчи 2012 йили ўзаро илк бор тўқнаш келишганида, ғалабани Брэдлига бериб юборилгани учун, бу сафар Пакьяонинг қўли баланд кўтарилган. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
— Пакьяо ҳаққоний ғалабага эришди. Тўғри, илк раундларда Брэдли кўп очко жамғарди. Лекин охирги раундларни Мэнни ўз фойдасига ҳал қилди. Бредлини битта зарбасига, филиппинлик боксчи иккита ёки учта зарба билан жавоб қайтарди.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди