Ўзбекистонга қарши ўйнаган футболчи вафот этди
Узоқ давом этган касалликдан сўнг "Вест Хэм" ва Австралия ёшлар терма жамоаси футболчиси Дилан Томбидес вафот этди. 20 ёшли футболчи сўнгги 3 йилда саратон (рак) касаллиги билан оғриб келаётганди.
Ушбу касаллик 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ пайтида аниқланганди. Томбидес гуруҳ босқичида Кот д`Ивуар (2:1), Бразилия (0:1) ва Дания (1:1) терма жамоаларига қарши ўйинларда иштирок этди. 4 очко билан плей-оффга чиққан австралияликлар нимчорак финалда Ўзбекистон билан баҳс олиб боришганди. Вакилларимизнинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинда Дилан Томбидес 90 дақиқа ҳаракат қилганди. Айнан Ўзбекистонга қарши ўйиндан кейин допинг-тест таҳлили учун олинган қон туфайли унда касаллик борлиги аниқланганди.
Футболчи 15 ёшида "Вест Хэм" таркибига қўшилган ва ҳужумчи сифатида клубнинг ёшлар жамоасида ўйнаб келган. 2012 йилнинг сентябрь ойида эса "Уиган"га қарши ўйинда асосий жамоада дебют қилган.
"Вест Хэм" футболчилари бугун бўлиб ўтадиган "Кристал Пэлас" билан ўйинда билакларига қора боғич таъқиб тушишади. Ўйин эса бир дақиқалик сукут билан бошланади.