Кетма-кет 3та ўйинда мағлубиятга учраган "Барселона", ниҳоят Испания чемпионатининг 35-тури доирасида "Атлетик"ка қарши ўтказилган ўйинда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Каталонияликларнинг ўйинида ўзгариш кузатилди, аммо вазиятлардан фойдалана олмаслик ва ҳимоядаги муаммолар жамоани яна қийин аҳволга солиб қўйиши ҳеч гап эмасди.
Масалан, биринчи бўлимда Педронинг узатмасидан кейин Алексис Санчес бўш дарвозани ишғол қила олмади. Тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Иккинчи бўлимда Месси ҳам жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади.
Ҳисобни очиш эса бильбаоликларга насиб этди. Биринчи бўлимда акробатик зарба дарвозани устунини нишонга олган Адурис, ўйиннинг 50-дақиқасида олис масофадан тўпни дарвозага йўллади.
"Барса" ҳисобни тенглаштириб, олдинга ўтиб олиши учун 2 дақиқа етарли бўлди. Аввалига Алвес ўзининг қанотида икки ҳимоячи орасида ўтиб кетди ва тўпни Санчесга узатди. Алексиснинг зарбаси у қадар кучли чиқмади, аммо Педро яқин масофадан дарвозани ишғол қилди. 74-дақиқада эса Мессига нисбатан қоидабузарлик учун жарима майдончаси чизиғи устида жарима тўпи белгиланди. Лео тўпни дарвозабон турган томонга йўналтирди ва "Атлетик" дарвозабони бу зарбани қайтара олмади.
Қолган дақиқаларда Мартино шогирдлари асосан натижа учун ўйнашди ва ҳисобни сақлаб қолишди.
Ушбу ғалабадан сўнг "Барселона" ўз очколарини 81тага етказди ва ушбу турда дам олган "Реал Мадрид"дан ўтиб кетган ҳолда, 2-ўринга кўтарилиб олди.
Испания чемпионати, 35-тур
Барселона – Атлетик 2:1 (0:0)
Голлар: 0:1 – 50 Адурис, 1:1 – 72 Педро, 2:1 – 74 Месси.
Барселона – Хосе Пинто, Дани Алвес, Бартра, Маскерано, Адриано, А.Сонг, Хави (Фабрегас, 70), Иньеста, Санчес (Тельо, 86), Месси, Педро.
Атлетик – Ирайсос, Де Маркос, Сан Хосе, Лапорт, Баленсиага, Итурраспе (Беньят, 83), Моран (М.Рико, 64), Сусаета, Андер (Токеро, 85), Муниаин, Адурис.
Огоҳлантиришлар: Итурраспе (7), Бартра (21), Андер (72), Де Маркос (73), Педро (79).