“Ал-Жаиш” – “Бунёдкор” учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида қатарликлар иштирок этишди. Унда бош мураббий Набил Маълуалга дарвозабон Аҳмад Софян ҳамроҳлик қилди.
- Гуруҳ босқичининг аввалги турларида йўл қўйган хатоларимиз оқибатида масалани охирги турга қолдирдик. “Бунёдкор” эса сўнгги учрашувларда яхши ҳаракат қилиб, ўз имкониятини сақлаб қолди. Шу боисдан ҳам учрашувнинг ҳужумкор ва кескин ўтишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Рақиб кучли, уларни сафида турли хил футболчилар бор. Бўйи баланди ҳам, тезкори ҳам, зарбаси кучлиси ҳам. Шу боисдан ҳам “Бунёдкор”дан ҳар қандай хавфни кутса бўлади. Лекин биз ўз услубимизда ҳаракат қиламиз. Режаларимиз иш берса, гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтамиз, - дейди “Ал-Жаиш”нинг тунислик бош мураббийи Набил Маълуал.
- Тошкентдаги баҳсда ғалаба қозонган бўлсак-да, “Бунёдкор”дан етарли қаршиликка учрагандик. Қатардаги баҳсда рақиб ундан ҳам яхшироқ ўйнашига шубҳа қилмайман. Чунки уларнинг ҳозирги ҳолати деярли бизники билан бир хил. Эртага мухлисларбоп ўйин бўлади, деб айтган бўлардим, - дейди “Ал-Жаиш” посбони.