Жозе Моуриньо натижа йўлида ҳар қандай қурбонликка тайёр. "Ўйиннинг гўзаллиги унутилади, натижа ёдда қолади" - бу португалиялик мутахассиснинг устувор шиори. Жозе "Реал"ни бошқараётганда бу услубдан беҳижолат фойдаланарди, "Челси" бундай услубда ўйнатиш эса ҳозирги кунда заруратга айланган.
Тўп назорати ва ҳужум ташкил этиш учун уринишлар «Атлетико» томонида бўлди. «Челси» эса ўз вақтини кутди. Аммо мадридликлар бунга тайёр туришди. Хуллас, иккала жамоа бир-бирини яхши билган ҳолда, кимдир хато қилишини кутишди. Мураббийлар рақибларини шу даражада яхши ўрганишибдики, ҳаттоки стандарт вазиятлардан ҳам жамоалар наф чиқара олишмади.
Босим орқали мудофаани ёриб ўтишнинг имкони бўлмагандан кейин ҳар иккала жамоа асосан жарима майдончаси атрофидан зарба йўллаш билан кифояланишди. Аммо бу зарбалар Тибо Куртуа учун ҳам, 15 дақиқа ўйнаган Чех учун ҳам, Шварцер учун ҳам муаммо туғдирмади. Петр Чех ўйин бошида ноқулай тарзда йиқилди ва жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Англия Премьер-лигасининг "Сандерленд"га қарши баҳсида тўлиқ ўйнаган Марк Шварцер учрашувни давом этттирди.
Мадридликлар, шунингдек, жуда кўп маротаба тўпни қанотлардан узатишди. Аксарият вазиятларда "Челси" ҳимоячилари устунлик қилишган бўлса, мезбон футболчилари зарба беришга муваффақ бўлган пайтда эса, тўп дарвозага аниқ бормади. Биринчи бўлимда кўринмаган Диего Коста иккинчи 45 дақиқаликда чалқанча ва бош билан берган зарбалари орқали жарима майдончаси ичида фаол ўйнашга интилди.
Ўйин тугашига яқин "Челси" ҳужумкорликка эътибор қаратмоқчи бўлди, аммо Симеоне шогирдлари рақибга имкон бермади. Бир вазиятда белгиланган жарима зарбасини эса Давид Луис ноаниқ ижро этди.
Жамоалар ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолган ҳолда, рақиб дарвозасини ишғол қилиш ҳақидаги мақсадларининг фақат биринчи қисмига эришишди холос. Жавоб ўйинида эса энди жамоаларнинг ўринлари ўзгаради. "Челси" ҳужумкорликка, "Атлетико" эса қарши ҳужумга асосий эътиборни қаратишади.
Жавоб ўйинида эса албатта гол кўрамиз, ҳеч бўлмаса пенальтилар сериясида.
Чемпионлар лигаси, ярим финал, биринчи ўйин
"Атлетико" (Испания) – "Челси" (Англия) - 0:0
"Атлетико": Куртуа, Хуанфран, Миранда, Годин, Филипе Луис, Габи, М. Суарес (Соса, 79), Р. Гарсия (Вилья, 86), Диего (Туран, 60), Коке, Коста.
"Челси": Чех (Шварцер, 18), Аспиликуэта, Кэйхилл, Терри (Шюррле, 73), Э. Коул, Давид Луиз, Оби Микел, Лэмпард, Рамирес, Виллиан (Демба Ба 90+4), Торрес.
Огоҳлантиришлар: Лэмпард (64), Оби Микел (75), Габи (75), Миранда (89).