Ҳа, ҳақиқатан ҳам бу воқеани ҳақиқий мўжизага, ҳақиқий характерга тенглаштириш мумкин. Акс ҳолда, дастлабки 4та турдан атиги 2 очко тўплаган жамоа 5-турда 1:2 ҳисобида ютқаза туриб, 3:2га ютиб кетмаган, сўнгги турнинг энг сўнгги сониясида гол уриб, ғалабани илиб кетмаган бўларди!
Хабарингиз бор, сайтимиз орқали ҳар турдан кейин ОФКнинг коэффициентлар жадвалини бериб боряпмиз ва ушбу жадвалдаги мавқемизни сақлаб қолиш нуқтаи назаридан “Бунёдкор”нинг ғалабаси жуда катта аҳамиятга эга эди. Буни яхши англаган Волков шогирдлари илк дақиқаларданоқ олдинга ўтишди ва тезкор гол уришнинг уддасидан чиқишди. Саҳоб Жўраев тўпни жарима майдончасига етказиб берди. Тўпга чиққан Суфён эса уни қўлидан чиқариб юборди. Пардаевнинг зарбасини ҳимоячи қайтарди, аммо ўша жойда турган Сергей Симоненко яқин масофадан бўш дарвозани ишғол қилди.
Ушбу голдан кейин “қалдирғочлар” дарров ортга чекинишди ва рақиб ҳужумларини бузиш билан банд бўлишди. Доҳаликлар шундай вазиятда ҳам хавфли рақиб эканини кўрсатишди. Нилмар ва Мунтарий мудофаа қўрғонимизни анча тинкасини қуритишди. Фақатгина омад туфайли ҳисоб биринчи бўлимда ўзгармади.
Дарвоқе, ўйиннинг 29-дақиқасида Пишур Зотеев етказиб берган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни 2:0га етказганди. Бироқ ҳакам Александр зарба бераётганда ўйин қоидасини бузди, деб топди ва голни инобатга олмади.
“Ал-Жаиш” иккинчи бўлим бошида ўз мақсадига эришди. Мунтарий жарима майдончаси чизиғи устидан тўпни кўкраги билан тўхтатди ва тескари турганига қарамай зарба беришга муваффақ бўлди. Муҳаммаднинг зарбаси унча кучли чиқмади, аммо Тўраев уни қайтара олмади.
Ҳисоб тенглашганидан кейин ҳам ташаббус майдон эгалари томонида бўлди. Тошкентликлар эса тайинли вазият ярата олишмади. Ўйиннинг бориши мезбон жамоа мураббийини хотиржам қилди шекилли, у Нилмарни захирага олди. Волков эса майдонга Раҳматуллаев, Рашидов ва Дилшод Жўраевни майдонга туширди. Сардорнинг уринишлари ҳам самара бермаётганди.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг энг сўнгги 4-дақиқада эса Сардор Рашидов жарима майдончасининг ўнг томонида пайдо бўлдию, ҳимоячиларнинг хатоси туфайли ўзи томон келган тўпни чап оёқда кучли зарба билан дарвозабоннинг боши устидан ўтказиб, дарвоза тўрига йўллади.
“Ал-Жаиш” — нокаутда! Ҳақиқий маънода нокаутда! Бу “Насаф”нинг мағлубияти учун берилган зарба бўлди, бу биринчи даврадаги йўқотилган очко учун зарба бўлди ва ниҳоят бу ОФККЖда Қатар учун берилган зарба бўлди!
“Бунёдкор” бир неча йилдан бери ОЧЛда иштирок этиб келмоқда ва ҳар сафар албатта плей-оффга чиқмоқда. Бу сафар ҳам улар матонат эвазига ўз анъаналарини давом эттиришди. Волков шогирдларини нимчорак финалда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоаси кутмоқда. Тўқнашув иккита баҳсдан иборат бўлади. Дастлабки ўйин эса Тошкентда ўтказилади.
Осиё чемпионлар лигаси, "В" гуруҳи, 6-тур
"АЛ-ЖАИШ" - "БУНЁДКОР" – 1:2 (0:1)
Голлар: Муҳаммад Мунтарий (52) — Сергей Симоненко (13), Сардор Рашидов (90+4)
Огоҳлантиришлар: Аҳмад Суфён (85) — Сергей Симоненко (19),
"Ал-Жаиш": 33. Аҳмад Суфён, 4.Андерсон Виейра Мартинс (С), 5. Муҳаммад ал-Жабрий (Деяб Ҳассан 74), 8. Юсуф Муфтаҳ (Рами Фаёз 81), 9. Нилмар (Муҳаммад ас-Саид 69), 10. Жирес Кембо-Экоко, 17. Ко Сеул Ки, 19. Абдураҳмон Абкар, 21. Али Санад, 23.Холид аз-Зриги, 29.Муҳаммад Мунтарий
"Бунёдкор": 45. Акбар Тўраев, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Хайрулла Каримов, 6. Анвар Ғофуров, 8. Жавлон Иброҳимов (Сардор Рашидов 66), 11. Александр Пишур, 23. Саҳоб Жўраев (Алибобо Раҳматуллаев 54), 24. Баҳодир Пардаев, 27. Сардор Собирхўжаев (Дилшод Жўраев 75), 33. Олег Зотеев, 40. Сергей Симоненко
"АЛ-ФАТҲ" - "ФУЛАД" - 1:5
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағ-т | Т-Н | Очко |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Фулад | 6 | 4 | 2 | 0 | 11-3 | 14 |
2 | Бунёдкор | 6 | 2 | 2 | 2 | 7-7 | 8 |
3 | Ал-Жаиш | 6 | 2 | 2 | 2 | 6-6 | 8 |
4 | Ал-Фатҳ | 6 | 0 | 2 | 4 | 3-11 | 2 |