"Бунёдкор" ОЧЛ гуруҳ босқичида чиройли ўйин кўрсата олмади, аммо охиригича курашиш эвазига плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳолат битта ўйиндамас, иккита ўйиндамас, нақ 4та ўйинда кузатилди. Тўртта ўйиннинг сўнгги дақиқаларида "қалдирғочлар" рақиб дарвозасини 5 марта ишғол қилишди. Мана шу тўртта ўйин жамланиб, Ўзбекистон чемпионини нимчорак финалга олиб чиқди.
Биринчи гол
Қосимов шогирдлари 1-турда "Ал-Фатҳ" майдонидан дуранг билан қайтганидан кейин 2-турда "Ал-Жаиш" Тошкентда жамоамизни мағлуб этди. Нилмарнинг бир ўзи ҳимоя қўрғонини чилпарчин қилиб, 2та голга муаллифлик қилди. Ушбу ўйиннинг 90+3-дақиқасида бурчакдан етказилган тўпни Баҳодир Пардаев бош билан дарвозага йўллади, аммо бу гол мухлисларга юпанч вазифасини ўтамаганди...
Иккинчи гол
"Бунёдкор" учинчи турни яна ўз майдонида ўтказди ва "Фулад"ни қабул қилди. Ўйин тугашига Карамийнинг "рейди" эвазига эронликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Учрашув меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланаётгандек кўринган вазиятда Воҳид Шодиев бош билан рақиб дарвозани ишғол қилди ва жамоасига дурангни тақдим этди.
Учинчи ва тўртинчи голлар
Жамоамиз 4-турда "Фулад" майдонига сафар қилди ва деярли тенгма-тенг ўйинда мағлуб бўлди. У ерда ҳам Тошкентда сценарий такрорланди. Ўйин тугашига 13-дақиқа қолганда форслар ҳисобни очишди, бироқ Қосимов шогирдлари бу сафар ҳисобни тенглаштира олишмади. Шундан сўнг Миржалол Қосимов жамоасининг кейинги босқичига чиқишига ишонмади шекилли, "Бунёдкор"дан кетди ва бор эътиборини миллий терма жамоага қаратишини маълум қилди.
Клуб олдида эса ОФК коэффициентлар жадвалида Ўзбекистон мавқеини мустаҳкамлаш вазифаси турарди. Буни тўғри ҳис қилган Волков шогирлари "Ал-Фатҳ" билан ўйинда ғалаба учун майдонга тушишди. Зотеевнинг голидан кейин ҳам тошкентликлар олдинга ўтишди ва қарши ҳужумда 2та гол ўтказиб юборишди. Бироқ 83 ва 85-дақиқаларда Шодиев ва Раҳматуллаевнинг голлари "қалдирғочлар"га ОЧЛдаги илк ғалабани тақдим этди.
Бешинчи гол
"Ал-Жаиш" билан ўйинда ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба вакилимизни қониқтирарди. Улар 13-дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шундан кейин ташаббус тўлиғича доҳаликлар томонига ўтиб кетди. 90+4-дақиқада (ўйин тугашига 20 сония қолганида) юзага келган ягона имкониятдан Сардор Рашидов унумли фойдаланди ва "Бунёдкор"ни плей-офф босқичига олиб чиқди.
"Ал-Жаиш"нинг хотиржамлиги
Мана шу 5та голдан бирортаси урилмасдан қолиб кетганида ҳам ягона вакилимиз 1/8 финалга чиқмаган бўларди. Қўшимчасига, "Ал-Жаиш" сўнгги дақиқаларда 3та гол ўтказиб юбормаганида! Ҳа, Қатар жамоаси 6та ўйиндан 3тасида сўнгги дақиқаларда ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишган.
Юқорида Пардаев "Жаиш" дарвозасига гол урганини айтиб ўтдик. Шунингдек, улар "Фулад" майдонида кечган ўйиннинг 90+3-дақиқасида ўз дарвозаларидан учинчи голни олиб чиқишган бўлса, сўнгги турнинг сўнгги дақиқасидаги Рашидовнинг голи уларни нокаутга учратди. Набил Маълул шогирдлари 4-турдан кейин хотиржамликка берилишгани учун жазоланишди. "Ал-Жаиш" сўнгги дақиқаларда мана шу 3та голдан бирортаси ўз дарвозасидан ўтказиб юбормаганида ҳам "Бунёдкор" плей-оффга чиқа олмаган бўларди.
Демак, "Бунёдкор" 5та голи ва "Ал-Жаиш"нинг 3та гол ўтказиб юбориши — мана шу 8та гол йиғилиб-йиғилиб жамоамизга плей-офф мукофотини тақдим этди!
Бундай ҳолатлар камдан-кам ҳолатларда рўй беради. Аммо бу - футбол. Баъзан шундай мўжизалар ҳам рўй бериб туради. Энг асосийси ҳар қандай вазиятда ҳам охиригача курашиш ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак"
2-тур. 11 март, "Пахтакор" стадиони.
"БУНЁДКОР" - "АЛ-ЖАИШ" - 1:2
Голлар: Баҳодир ПАРДАЕВ (90+3) — Нилмар (34, 69)
3-тур, 19 март, "Пахтакор" стадиони.
"БУНЁДКОР" - "ФУЛАД" - 1:1
Гол: Воҳид ШОДИЕВ (90+2) — Карамий (74)
5-тур. 16 апрель, "Пахтакор" стадиони
"БУНЁДКОР" - "АЛ-ФАТҲ" - 3:2
Голлар: Олег Зотеев (43), Воҳид ШОДИЕВ (83), Алибобо РАҲМАТУЛЛАЕВ (85) — Фуакумпуту (68), Ал-Ҳамдан (79)
"АЛ-ЖАИШ" - "БУНЁДКОР" - 1:2
Голлар: Мунтарий (52) — Сергей Симоненко (13), Сардор РАШИДОВ (90+4)