“Нефтчи” - “Машъал” баҳсидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар устози Муроджон Исмоилов журналистлар томонидан берилган кескин саволларга бир-кетин жавоб берди.
— Ҳаммамиз гувоҳи бўлдик, “Нефтчи” ўйинчилари қўлдан келганча ҳаракат қилишди. Доимгидек, вазиятлардан фойдалана олмадик. Тўғриси, қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Йўқ, ғалаба қозонишнинг иложи бўлмади. Шу қатори “Машъал”да ҳам қатор вазиятлар юзага келди.
— Жамоага энг асосийси нима етишмаяпти?
— “Нефтчи”га жуда кўп нарсалар етишмаяпти. Бу гапирадиган гап эмас. Ҳимояда хатолар бор. Лекин бугун улар ўз ишларини яхши бажаришди. Демак, ҳужум чизиғида муаммолар бор экан.
— Мурод ака, захира ўйинчилари курашга қўшилганидан сўнг анча ўйин ижобий томонга ўзгарди. Бу ишни эртароқ қилса бўлмасмиди ?
— Бу ўйинчилар аслида кеча бўлиб ўтган ёшлар учрашувида ҳам ўйнашган. Ёшларни асосий таркибга аста-секинлик билан қўшиб боряпмиз. Ман Қарши шаҳрида бўлиб ўтган ўйиндан сўнг айтгандим, биз ишонган, катта умидлар боғлаган футболчиларимиз ўзини ҳақиқий ўйинини тақдим эта олмаяпти. Шундан сўнг таркибда ўзгартириш қилишга мажбур бўлдик. Энди бундан буёғига ёшларга имконият берамиз.
— Мурод ака, балки мураббийлар штабида ўзгартириш керакдир?
— Билмадим. У масалани клуб раҳбарлари ҳал қилади. Албатта футбол мухлислари жамоаларини ғалаба қозонишини хоҳлашади. Охириги 3-4 йилни ҳисобга олмасак, клуб доим юқори ўринларда бўлган. Битта нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак. Хозир мен мураббий сифатида тузган режа, мақсадларимдан баъзи бир футболни тушунмайдиган одамларнинг ҳақоратларидан қўрқиб қайтадиган бўлсам, яна эски ҳолатимизга қайтишимизга тўғри келади. Ишқибозларнинг эътирози тўғри. Ман мураббий бўлиб қўлимдан келган ҳамма ишни қиляпман. Бу футбол. Хар доим ҳам айтганингиз бўлмайди. Янги бошланган иш шунақа қийинчилик билан амалга ошади. Кўп клубларда шундай ҳолатлар бўлади. Юксак даражадаги футболчилар билан ҳам бир нарсага эришиш қийин кечади. Бу ерда фақат мураббийнинг маҳоратини инобатга олиш керак эмас. Қаранг, хозир мен қайси юз билан йигитлар ҳаракат қилишмади дейман. Ҳаракат қилишди. Керак бўлса, жонини бериб тўп суришди. Кимнидир ўйини чиқди, кимникидир чиқмади. Тўғри ғалаба бўлмаяпти. Аммо ҳозир шу ишларимизни тўхтатсак яна эски ҳолатга тушамиз.
“Рухсор” ТРК матбуот хизмати