“Локомотив” - “Андижон” ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “темирйўлчилар” бош мураббийи Вадим Абрамов иштирок этди.
Бугунги ўйиндаги ғалаба “Локомотив”нинг Ўзбекистон чемпионатларидаги 100-ғалабаси бўлди ва Иван Нагаевнинг клубининг 350-голига муаллифлик қилди.
— Умид қиламан, бу билан голларимиз ва ғалабаларимиз тўхтаб қолмайди. Яна ўсишда, ривожланишда давом этамиз.
— Ушбу ўйинни мавсумдаги энг осон баҳс бўлди деб аташ мумкинми?
— Ўйин осон ёки қийин бўлганини билмадиму, аммо “Сўғдиёна” билан ҳам жиддий муаммога дуч келмагандик. Ҳар бир жамоа рақиб имконият берганча ўйнайди. Демак, бугун рақиб бизга ўйнаш имкониятини берди.
— Ҳисоб 2:0 бўлиб турганида кичик Жасур Ҳасановни алмаштирдингиз ва у ўйинни секин тарк этгани учун огоҳлантириш олди. Унга нисбатан чора қўлланиладими?
— Вазиятга тўғри эътибор бергансиз. У ва футболкани ечгани учун огоҳлантириш олган Нагаевга нисбатан жарима солинади. Керакмас жойдан сариқ карточка олиш керак эмас. Тартиб бўлиши лозим.
— “Пахтакор” билан ўйин олдидан фикрларингиз.
— Мухлисларга ёқадиган футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Умид қиламан, ўша куни стадионга кўплаб мухлислар ташриф буюришади. Бугун эса ёмғир ёққани боис стадионга кўп ишқибозлар келишмади. “Пахтакор”га қарши ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
— Жамоа ўзининг ҳақиқий ўйинини кўрсатишига ёмғир халал бердими?
— Йўқ, бундай ҳавода, майдалаб ёмғир ёғиб турганда футбол ўйнаш футболчиларга мароқ беради. Агар кун иссиқ бўлганида улар қийналишарди.
— Чемпионлик тақдири уйдаги ўйинларда ҳал бўладиган кўринади. Масалан, кеча “Насаф” ўз уйида очко йўқотди. “Пахтакор” ҳали очко йўқотмади. Бу жамоани тўхтатиш мумкинми?
— “Пахтакор”нинг “Динамо”га қарши ўйинидан келиб чиқиб хулоса қилиш қийин.
— “Андижон” сизда қандай таассурот қолдирди?
— Рақиб жамоа кучига баҳо беришим қийин. Бугун уларда атиги битта вазият бўлди. Бурчак тўпидан кейин Нестеров тўпга чиқишда хатога йўл қўйди. Бошқа ҳеч нарса қила олишмади. Футбол шундай ўйинки, бугун ўйин яхши чиққан бўлса, эртага ёмон ўйнашимиз мумкин.
— Нестеровнинг хатосини таъкидладингиз. Балки Темур Жўраевга имконият бериб кўрарсиз?
— “Пахтакор” билан ўйиндами (залда кулгу)? Кўрамиз. Нестеров жароҳати боис узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетди ва ушбу мавсумдан бошлаб ўйнамоқда. Балки ҳали юқори формага кириб олмагандир. У тажрибали дарвозабон. Ҳозирда Ўзбекистондаги энг яхши дарвозабонлардан бири. Формага кириб олганидан кейин хатога йўл қўймайди, деган умиддаман.