Ўзбекистон терма жамоаси ва Махачқалъанинг "Анжи" клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ЦСКАга кўчиб ўтиши мумкин. Армиячилар 26 ёшли футболчини ижарага олиш ёки унинг трансфер ҳуқуқини тўла сотиб олиш борасида музокаралар олиб боришмоқда. "Спорт Экспресс"нинг хабар беришича, футболчининг трансфер нархи 8 миллион еврога баҳоланмоқда.
Шунингдек, Аҳмедовга бошқа жамоалардан ҳам қизиқишлар бўлмоқда. "СЭ" маълумотига кўра, унга БАА клубидан молиявий жиҳатдан жуда яхши бўлган таклиф ҳам бор. Қишда эса ўзбекистонлик ярим ҳимоячига "Краснодар"дан янада яхшироқ таклиф бўлганди.
Ҳозир эса вазият ўзгарган. "Анжи" қуйи дивизионга тушиб кетди ва ёзда жамоани легионерлар тарк этади. Айни пайтда махачқалъаликлар сафида 9 нафар легионер бўлиб, Биринчи дивизион талабига кўра бир вақтнинг ўзида майдонда 3 нафар легионер ўйнаши мумкин. "Анжи" Аҳмедовга нисбатан эгалик ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда уни ижарага бериши ва кейинги мавсумда клуб Премьер-лигага қайтганида уни яна ўз сафига қайтариши мумкин.
ЦСКАнинг Аҳмедовга қизиқиш билдираётганига жамоа футболчилари Расмус Эльм ва Понтус Вернблум билан янги шартномалар имзолаш борасида муаммолар пайдо бўлаётгани ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Ҳар иккала футболчи Европага қайтишни мақсад қилишган. Скандинавиялик футболчилар Россия чемпиони билан янги шартномани имзолашни исташмаяпти. Июль ойи бошига қадар вазият ўзгармаса, ЦСКА Эльмни сотади ва ЕЧЛ гуруҳ босқичидан кейин Вернблумга бошқа жамоа топади.
Аҳмедов номзоди эса ЦСКА учун энг мақбул вариант бўлиб қолмоқда. Боз устига, ЦСКАда клуб президенти маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Валерий Непомняший ўзбекистонлик футболчининг имкониятларини жуда яхши билади. "Анжи" ва ЦСКА жамоалари Одил Аҳмедовнинг трансфери борасида келишувга жуда яқин туришибди.