Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ғайрат Ҳасанов: «Фарғоналик мухлислар олдида қарзларимиз кўпайиб кетмоқда»

Баҳо:
+1 | -

Афсуски жорий мавсум “Нефтчи” учун омадсиз ўтмоқда. Ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган жамоалардан бири, омадсиз учрашувлардан сўнг турнир жадвалида пастки ўринлардан жой эгаллаб турибди. “Нефтчи”нинг муваффақиятсиз ўйинларидан кейин жамоа сардори Ғайрат Ҳасанов билан суҳбатлашиб омадсизликлар сабабини билишга қизиқдик. Суҳбат давомида 31 ёшли посбон жамоанинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнидан ҳеч ким қониқмаётганини куюниб гапирди. Келажакда ҳаммаси яхши бўлишига ишонишини билдирди.

“Сўғдиёна”га қарши кечган ўйин ҳақида
— Очиғини айтганда, ўтган турда “Сўғдиёна”га қарши ўйинимизда сира омад келмади. Тан оламан, бу ўйинда хатога йўл қўйдим. Кейин бундан ўзим жуда афсусландим ва ич-ичимдан ранжидим. Виждонан қийналдим. Ишонинг бундай хатога йўл қўйишимни ҳеч ҳам хаёлимга келтирмагандим. Шу куни биргина мени эмас, балки бутун жамоани омади чопмади. Футболда кўп нарса омадга ҳам боғлиқ. Таркиб ва бошқа жиҳатлар бўйича рақибдан минг кучли бўлинг, лекин омад келмаса бариси бекор. Зоминда шундай бўлди деб ўйлайман. Мағлубиятда бутун жамоанинг айби бор. ЕЧЛ финалида таниқли посбон Икер Касиляс ҳам хатога йўл қўйди. Испаниялик дарвозабон 17 ёшидан буён катта футбол ичида. Европа чемпиони. Кўплаб ютуқларга эришган. Бундай нуфузли турнирларда кўп маротаба иштирок этган. Халқаро тажрибаси ҳам юқори. Лекин шунга қарамай Касиляс “Атлетико”га қарши баҳсда хатога йўл қўйди. Кўряпсизми бу дунёда ҳеч бир инсон хатодан кафолатланмаган. Лекин ушбу хатодан кейин Икернинг жамоадошлари вазиятни ўзлари учун ижобий томонга ўзгартира олишди ва шундан сўнг Касильяс бундан жуда хурсанд бўлиб кетди. Футболда кўп нарса бир кишига боғлиқ эмас. Ҳамманинг бошида бор хато қилиш. Лекин ундан тўғри хулоса чиқариб олиш керак.

Омадсиз кечаётган мавсум тўғрисида
— Футбол шундай спорт тури эканки, унда бир нимага эришиш учун йиллар керак бўлади. Хусусан футболчи бўлишга бир йил машғулот ўтказишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ёки ҳакамлар мисолида оладиган бўлсак, улар ҳам футболда аввало ишини болалар ва ўсмирлар футболидан кейинчалик иккинчи лига, биринчи лига ҳамда олий лигада ҳакамлик қилишади. Бунга йиллар давомидаги меҳнатлар орқали етишади. Футболчиларда ҳам ҳудди шундай. Ўзингизга яхши маълумки, “Нефтчи” таркиби бу йил янгитдан ташкил этилди. Жамоага келган йигитларнинг ҳар бири турли хил ҳарактерга эга ва уларнинг руҳияти ҳам ҳар хил. Шу боис футболчилар бир-бирлари билан тўлиқ тушуниб кетишлари учун озгина вақт керак бўларди. Худога шукурки, мана ҳозирги кунга келиб бу борада ҳаммаси изига тушмоқда. Футбол бу – битта оила десак. Жамоа бу – битта инсондек гап экан. Мисол учун битта инсонни жигари ёки юрагида оғриқ бўлса, у инсон семириб, тўлишиб кета олмас экан. Жамоа ҳам ҳудди шундай. Насиб қилса “касалликлар” бартараф этилиб, ҳаммаси ижобий томонга ўзгариб бормоқда.

Раҳбарият ва мураббийлар штабидаги ўзгаришлар хусусида
— Раҳбариятда катта тажрибага эга бўлган Тоҳир ака Кападзе иш бошлади. Мамлакатимиз футболида ўзига яраша обрў эътиборга эга бўлган мутахассис шубҳасиз Фарғона футболининг барча паст-баландлигини билади. У киши иш бошлагач, жамоадаги ташкилий ишлар ҳам жуда яхши олиб борилмоқда. Қолаверса вилоятимиз ҳокими ҳам жамоага бефарқ эмас. Бу бизнинг энг катта ютуғимиздир. Қайд этаётган натижамиз билан доимий қизиқиб бориб, биз учун барча шароитларни яратиб бераётгани учун у кишига бутун жамоа номидан миннатдорчилик билдириб қоламан.

— Мураббийлар штабида Андрей Фёдоров билан Сергей Лебедевдек таниқли ва шу билан бирга ўз вақтида “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилганларнинг иш бошлагани ҳам жуда тўғри қарорлардан бири бўлди. Чунки Фёдоровнинг халқаро тажрибаси катта. Ўз вақтида “Рубин”да Европанинг гранд жамоаларига қарши ўйнаган. Андрей Витальевичнинг бой тажрибаси табиийки энди “Нефтчи”га асқотиши аниқ. Футболнинг сир синоатларини жуда яхши билади. Фикрлари теран. Футболга замонавий қараши бор. Лебедев ҳақида ҳам фақат илиқ фикрларни билдириш мумкин. Шу ўринда бош мураббий Мурод ака Исмоилов тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсам. Ўзингизга яхши маълум, бу мураббий бир неча йиллар давомида “Пахтакор”да ишлади. Катта тажриба орттирган. Бундай мутахассис билан мана бу йил бирга ишлаяпмиз. Кўпчилик мухлислар “Нефтчи”нинг салбий натижаларидан кейин Исмоиловни ҳақорат қилмоқда. Бу нотўғри. Чунки бош мураббий жамоада бор маҳоратини ишга солган холда меҳнат қилмоқда. Муваффақиятсиз якунланган баҳслардан кейин биргина у кишига ҳамма айбни ағдариш ярашмайди. Ютса жамоа ютади. Мағлубиятга учралганда эса бош мураббий ютқазади дейишади. Лекин шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бунда бутун жамоани айби бор.

Жамоадаги ички муҳит ҳақида
— Ички муҳит, кўз тегмасин жуда яхши. Тўғри мавсум бошида ҳар хил гап-сўзлар бўлди. Лекин бугунги кунга келиб жамоадаги барча йигитлар бир-бирларини қандай ҳарактерга эга эканлигини англаб олишди. Ишонасизми кимнидир ҳозир қандай муаммоси бўлса, уни ҳал этиш учун чин дилдан ёрдам берамиз. Ҳаммамиз бирга ўтириб суҳбатлашяпмиз. Кейинги учрашувларда ишқибозларимизни нафақат ғалаба билан балки чиройли ва мазмунли ўйинлар билан ҳам қувонтиришни ўйлаяпмиз. Шунга монанд тайёргарлик кўрмоқдамиз. Асосийси жамоамизнинг потенциали бор. Шу боисдан ҳам иккинчи даврада ҳаммаси бўлишига ишонаман.

Омадсизликлар вақтинчалиги ҳақида
— Ҳозирги “Нефтчи”ни мен фаслларга қиёслаган бўлардим. Шундай айтиш мумкинки, мавсум биз учун худди куз фаслидек бошланди. Кейинчалик қиш бўлди. Мана аста-секин баҳор фасли кириб келаётгандек. Мен ишонаманки, баҳор фасли келганида ҳамма жой ям-яшил ва чиройли манзарага айланиб қолганидек “Нефтчи” жамоамиз ҳам ҳудди шундай бўлади. Иккинчи даврада эса ёз фасли каби ҳамма жойда пишиқчилик бўлганидек, жамоамиз ҳам ғалабалар билан ашаддий ишқибозларимизни хурсанд этади деган умиддаман. Насиб қилса иккинчи даврани шаҳримизда қад ростлаган янги замонавий стадионда бошлаймиз. Унга қадар янада курашчан жамоани шакллантириб оламиз деган умиддаман. Ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳеч нима йўқотилгани йўқ. “Нефтчи” ўз сўзини айтишига ишонаман. Германияда немис машинаси дейишадику, биз ҳам Фарғонада худди шундай курашчан жамоа шакллантирамиз. Ўз вақтида ОЧЛда иштирок этган “Нефтчи” яна халқаро мусобақаларда иштирок этишига ишонаман ва шу билан бирга айтишим мумкинки, ОЧЛ Кубогини юртимизда биринчи бўлиб “Нефтчи” қўлга киритади деб умид қиламан. Аввало мамлакатимиздаги бошқа клубларимизга ҳам бу борада омад тилаймиз. Яхши ният ярим давлат деганларидек, шундай ният қиламан.  

Мухлислар тўғрисида
— Дунёда энг зўр ишқибозлар Буюк Британияда деб биламан. “Нефтчи”ни ишқибозларини, умуман водийлик футбол шинавандаларини мен Англиядаги фанатларга ўхшатаман.Жамоамизни илгари юқори ўринларда кўриб ўрганиб қолган мухлисларимиз бугунги кунда ҳам бизни ёлғизлатиб қўймаяпти. Улар ҳар бир уй ўйинларимизга келиб, бизни қўллаб-қувватламоқда. Бунинг учун барча футболчилар номидан уларга раҳмат айтиб қоламан. Аслида ҳам футбол аввало мухлислар учун. Тўғриси, салбий натижалардан кейин ҳар биримиз маҳаллий ишқибозларимиз олдида хижолат чекиб юрибмиз. Бошқача айтганда фарғоналик мухлислар олдида “қарзларимиз” кўпайиб кетмоқда. Кейинги учрашувларда албатта уларни узишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун бор кучни ишга соламиз. Мухлисларимизни ишонтириб айта оламанки, ҳали ҳаммаси олдинда! Ҳаммамиз учун ёқимсиз бўлиб турган бундай пайтда мухлислар ҳам бизни тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаб туришса, биз эса уларни хурсанд қилиш учун астойдил ўйнасак, ҳаммаси изига тушади ва яна аввалгидек “Нефтчи”ни юқори ўринларга кўтарамиз. 

Фарғона футболида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида
— Юқорида айтиб ўтганимдек, жамоа раҳбариятида Тоҳир ака Кападзе иш бошлагач, ташкилий ишлар ҳам яхши йўлга қўйилган. Футболчилар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ойлик маошларни ўз вақтида оляпмиз. Фақат чиройли ўйин кўрсатиб, ижобий натижа қайд этишимиз қолди холос. Вилоятимиз футболида ҳам сезиларли даражада олдинга силжиш кузатилмоқда. Янги стадионимизнинг ўзида футбол академияси ишга туширилади. Фарғонада иқтидорли йигилар жуда ҳам кўп. Уларни тўғри тарбия қилиб, аниқ иш дастури асосида шуғуллантириб бориш керак. Яқин йиллар давомида Фарғона футболи яна ўз сўзини айтади. Асосийси клубга ҳам ҳақиқий футбол кишилари йиғилди. Ҳақиқий футбол ҳавоси уфуриб турибди.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 12:55, 29.05.2014.
Ўқилди: 4031 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.