Бугун Қарши шаҳрида мамлакатимиз чемпионатининг 10-тури марказий учрашуви мақомини олган “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари ўзаро куч синашишди. Стадионга жуда кўплаб мухлислар “Насаф”нинг ғалаба қозониши истагида ташриф буюришганди, аммо учрашувда дуранг қайд этилди.
Футбол мухлисларининг ушбу ўйинга бўлган қизиқиши жуда юқори эди. Учрашув бошланишидан анча аввал стадион мухлислар билан деярли тўлди. Ўйинга нафақат воҳалик, балки бутун Ўзбекистондан мухлислар ташриф буюргани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
Ҳакам ўйин бошлагани ҳақида ҳуштак чалгандан ҳар иккала жамоа майдонда устунликни қўлга киритиш мақсадида курашга киришишди. Буни майдон эгалари дарров уддалашди, улар илк дақиқаларданоқ Лобанов қўриқлаётган дарвоза олдида хавфли вазиятлар уюштира бошлашди. Бу вазиятларда Фаррух Сайфиевнинг биринчи зарбаси ноаниқ кетган бўлса, яна бир ҳужумдаги зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
Ўйин биринчи бўлими ўрталарига келиб учрашувдаги вазият бироз “юмшаган”дек кўринди. Ана шундай вазиятларнинг бирида меҳмонлар учрашувдаги ҳисобни очишга эришдилар, Станислав Андреевнинг “Насаф” жарима майдонига ошириб берган тўпини Жамшид Искандаров голга айлантирди – 0:1.
Биринчи бўлим қолган дақиқаларида “Насаф” жамоаси ҳужумлари самарасиз якунланишда давом этди. Натижада биринчи бўлимдаги ҳисоб ўзгармасдан қолди.
Иккинчи бўлимда кутилгандек “Насаф” жамоаси ўйинни катта ҳужумлар билан бошлади. Биринчи бўлимда ҳакам томонидан огоҳлантирилган Илҳом Шомуродов ўз ўрнини Игорь Таранга бўшатиб берди. Ҳужумларга зўр берган “аждарлар” 59-дақиқага келиб орадаги ҳисобни тенглаштиришга эришишди. “Пахтакор” дарвозаси томон белгиланган жарима тўпи тепилгандан сўнг Ҳамза Каримов баланд сакраб Лобановни доғда қолдирди – 1:1. Ана шундан сўнг эса “Насаф” жамоаси ўзининг ҳақиқий ўйинини бошлади ва “Пахтакор” дарвозаси томон ҳужумлар кетидан ҳужумлар уюштира бошлади.
Орадаги ҳисоб тенглашгандан сўнг стадиондаги муҳит ҳам жуда ўзгариб кетди, мухлислар “Насаф”, “Насаф” дея ўз севикликларини олқишлай бошлашди.
Жамоа футболчилари эса ҳужум қилишда давом этаверди. Афсуски, бу ҳисобда акс этмади, шундай қилиб, “Насаф” ўз майдонида “Пахтакор” билан дуранг натижа қайд этди.
ОЛИЙ ЛИГА, 10-ТУР
Қарши шаҳри, “Марказий” стадион
“НАСАФ” – “ПАХТАКОР” - 1:1 (0:1)
Голлар: Ҳамза Каримов, 59-1:1; Жамшид Искандаров, 26- 0:1;
Ҳакамлар: Р.Бобомуродов (Навоий), Р.Самандаров (Навоий), О.Жумаев (Навоий), В.Нажафалиев (Тошкент)
Назоратчи: В.Валицкий (Тошкент).
«Насаф»: 25.Элдор Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 5.Ботир Қораев, 9.Илҳом Шомуродов (Игорь Таран 51), 10.Кенжа Тўраев (Азамат Алланиёзов 78), 17.Артур Геворкян, 20.Эркин Бойдуллаев, 27.Илҳом Юнусов, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев, 32.Ҳамза Каримов, 34.Фаррух Сайфиев.
«Пахтакор»: 12.Александр Лобанов, 4.Боян Миладинович, 5.Акбар Исматуллаев, 7.Кахи Махарадзе, 10.Жамшид Искандеров, 11.Игорь Сергеев (Шерзод Каримов 88), 21.Камолиддин Тожиев, 23.Александр Мерзляков, 24.Даврон Ҳошимов, 28.Станислав Андреев (Анвар Солиев 61), 29. Владимир Козак.
Огоҳлантиришлар: Илҳом Шомуродов (19), Станислав Андреев (37), Александр Мерзляков (69), Камолиддин Тожиев (76).